Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фуқароларни пахта теримига мажбурлаб олиб чиққан Боғот тумани ҳокими маъмурий жавобгарликка тортилди

Mahalladosh.uz сайтида Боғот тумани ҳокимининг фуқароларни, ишчи-хизматчиларни пахта теримига мажбурий тарзда жалб этгани тўғрисида хабар тарқалган эди. Шунингдек, ҳоким 19 сентябрь куни пахта масаласи бўйича тумандаги 300 га яқин фермер хўжалиги раҳбарлари, ҳудудлардаги терим отрядлари масъуллари, бюджет ташкилоти ва идоралар раҳбарларини йиғиб, кечки соат 20:30 дан 22:00 гача мажлис ўтказган.

Мазкур ҳолат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи бошчилигида ўрганилган. Натижада Боғот туманида ҳақиқатан меҳнат қонунчилиги меъёрлари бузилганлиги аниқланди, дея хабар бермоқда вазирлик.

Шунга мувофиқ, Боғот тумани ҳокими О.Холбоев, туман молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан 2 230 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача, жами 15 610 000 сўм миқдорда жарима тайинланди.

Шунингдек, вазирлик бу йил қўлда терилган 1 килограмм пахта учун нархлар оширилиб, биринчи теримда – 800 сўм, иккинчи теримда – 1200 сўм тўланиши белгиланганини эслатмоқда. Шунингдек, пахта теримида кўнгилли сифатида қатнашиш истагида бўлган фуқаролар учун terim.uz сайти ишга туширилди.