Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гўзал жаҳолатга қарши эканлигини исботлади

Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” номли ижодий ишлар кўрик-танлови ўтказилганлигидан хабарингиз бор. Қувонарлиси, ушбу кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этган Самарқанд шаҳридаги 13-умумтаълим мактабининг 9-Б синф ўқувчиси Гўзал Абдуҳалилова фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Гўзал Абдуҳалилова умумтаълим мактабида устозлар берган сабоқни пухта ўзлаштириб, доимо ўз устида ишлашни канда қилмайди. Оиласидаги китобхонлик муҳити, ўзининг китобга алоҳида меҳри унинг дунёқарашини кенгайтириб, атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран нигоҳ ташлашга ундади.

“Жаҳолатга қарши маърифат” ижодий ишлар кўрик-танлови эълон қилингач, ўзига ишонч билан танловда қатнашиб, вилоят саралаш босқичидан ўтгач, Республика босқичига йўлланма олди.

— Устозларимизнинг кўпроқ китоб мутолаа қилишга ундашида ҳикмат кўп, — дейди Гўзал Абдуҳалилова. — У ақлимизни пешлайди, фикрларимизни тиниқлаштиради. Бунинг исботини мустақил ижодий ишлар ёзганда кўриш мумкин. “Жаҳолатга қарши маърифат” ижодий ишлар кўрик-танловининг Республика босқичида ҳам ғолиб бўлишимда айнан китобга ошнолигим фойда берди.

Гўзал ўзининг ижодий ишида ёшлар ўртасида тобора урчиётган турли иллатлар, “оммавий маданият” сарқитлари, уларнинг ўқувчилар онгига салбий таъсирини тўлақонли тасвирлади. Ўз навбатида, тенгдошларининг турли нотўғри хатти-ҳаракатларини қоралаб, эзгулик тарафдори бўлиб яшашга, ўқиш ва изланишга ундади.

Иқтидорли ўқувчининг бу иншоси ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, 1-ўринга муносиб топилди. У Халқ таълими вазирлигининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.