Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Ҳақини беринг, қарздорлигингизни йўқ қиламан”деган «мутахассис»лар жавобгарликка тортилди

Табиий газ ёки электр тармоқлари корхонасида ишловчи айрим кимсаларнинг бундай гапларини сиз ҳам эшитган чиқарсиз. Афсуски, бу идоралар ходимлари орасида инсофини нафсига алмаштирган «мутахассис»лар минг афсуски йўқ эмас.

Масалан, вилоят мажбурий ижро бюроси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бурхон Ҳайдаровнинг маълумотига кўра, “Электр тармоқлари ва монтаж ишлари” масъулияти чекланган жамияти ходимлари Бегзод Зокиров, Турди Исанов, Иноят Туропов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ўз нафси йўлида хизмат вазифаларини суиистеъмол қилаётганлардан экан. Улар ўзаро тил бириктириб, истеъмолчи Адаш Худайқуловдан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатини расмийлаштирмаслик эвазига 300 минг сўм пора талаб қилишган. Бу ҳолат бўйича А.Худайқулов вилоят мажбурий ижро бюросига ариза билан мурожаат қилди. Тезкор гуруҳ ходимлари томонидан далилий ¬ашёлар йиғилиб, жиноий иш қўзғатилди.

Шунингдек, Паст Дарғом туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар «Пастдарғомтумангаз» корхонаси участка нозирларининг хурмача қилиқлари хусусида мажбурий ижро бюросига мурожаат қилди. Ўрганиш давомида участка ходимлари Саид Эшонов, Рўзи Муҳаммадиев, Латиф Инатовлар фуқаро Рашид Ишоновни табиий газдан қарзи борлиги, бу қарзни тўламай юрганлиги боис катта жаримага тортилишини ва шу боис газ тармоғидан узиб қўйишларини айтган. Бунга барҳам бериш, яъни қарздорликни компьютер ҳисобидан чиқарилишини истаса, 2 миллион 352 минг сўм «хизмат ҳақи» беришини билдирган…

Бу ҳолат мутахассислар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари иштирокида фош этилди. Нафси ҳакалак отган «олғир»лар жиноий жавобгарликка тортилди.

Азим ҚОДИРОВ.