Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ҳассани иккинчи бор йўқотишга ҳақимиз йўқ”

Президент Фармонига кўра жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро афв этилганди. Уларнинг 12 нафари Самарқанд вилоятидан.
Бугун Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимликлар, жамоатчилик вакиллари, депутатлар иштирокида ана шу шахслар билан суҳбатлашди.
- Яширмайман, биз шу пайтгача сизларга жиноятчи сифатида қарагандик, - деди Э.Турдимов. – Лекин давлатимиз раҳбари сизлар каби фуқаролар шу давлат халқининг вакили экани ва уларни соғлом ҳаёт тарзига қайтариш жамоатчиликнинг, ҳокимликларнинг вазифаси эканини тушунтирди. Авф этиш баробарида сизларни фойдали меҳнатга жалб этиш, оила аъзолари билан яхши турмуш кечиришингизга кўмаклашиш юзасидан топшириқлар ҳам берди.
- Дарҳақиқат, Президентмиз етти ухлаб тушимизга кирмаган ишни қилди, - деди афв этилган ургутлик Камол Ҳамидов, - Бунинг учун у кишининг, халқимизнинг олдида қарздормиз. “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”, деган нақл бор. Шахсан мен бу имкониятни юксак қадрлайман, фарзандларим, невараларим тарбияси билан шуғулланаман.
- Президентимизга раҳмат, - деди булунғурлик Акбарали Мўминов. - Ҳатто биз ҳали турмада пайтида уйимизга, ҳокимлик вакиллари телевизор, 500 минг сўм пул, озиқ-овқат ва китоблар тўплами бериб кетишибди. Ўзимга эса келганимдан сўнг гилам ишлаб чиқариш корхонасидан иш таклиф этишди. Давлатимиз раҳбарининг шунчалик бағрикенглиги, ғамхўрлигига жавобан жамиятда ўз ўрнимизни топишга интиламиз. Билиб-билмай қилган хатоим биринчи ва охирги бўлсин.
Вилоят ҳокими афв этилганлар билан самимий мулоқот чоғида уларнинг дилидаги самимий гапларини эшитди, саломатлигини тиклаш, тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун моддий ёрдам кўрсатиш, кредитлар ажратиш юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берди.

Ф.ИСҲОҚОВ.