Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Илтижо

Эй Аллоҳ, бошимни саждага қўйдим,
Ялиндим, ёлбордим, йиғладим, куйдим,
Шон-шуҳрат, дабдаба... барини қўйдим,
Тавба, тавба... шу сўз келар тилимга,
Омонлик бер, омонлик бер элимга!

Биринчи ўқ шоир кўксига тегар,
Биринчи ўқ она зотин ўлдирар,
Чорасизлик ота бошини эгар,
Қодир Аллоҳ, қориштирма, кулимга,
Омонлик бер, омонлик бер элимга!

Қийма-қийма бўлиб борар юрагим,
Мен енгилдим, ерга тегди курагим,
Юзми, мингми, келар ҲАҚдан сўрагим:
Художоним, тинчлик чиқсин йўлимга,
Омонлик бер, омонлик бер, элимга!

Бошларимнинг бошларини хам қилма,
Болаларим кўзларини нам қилма,
Умидим кўп, насибамни ғам қилма,
Фурсат бергин, ҳали вақт бор ўлимга,
Омонлик бер, омонлик бер элимга!

Селларингда оқар уйлар керакмас,
Минг кишилик лоф, қоп тўйлар керакмас,
Ёлғон ҳисоб, ёлғон куйлар керакмас,
Ҳаловат бер, таскин бергин дилимга,
Омонлик бер, омонлик бер элимга!

Кечир, Аллоҳ, гуноҳимиз кўп бўлди,
Қора кўзга суққанимиз чўп бўлди,
Ори йўқлар ёлғиз эмас, тўп бўлди,
Оби ҳаёт сиғмай қолди кўлимга,
Омонлик бер,омонлик бер элимга!

Кулфатлардан жигари қон Хосият,
Ҳар ўтинчи битта достон Хосият,
Самарқанду Ўзбекистон Хосият,
Шафқат сўрар, бахт бер гулшан, гулимга,
Омонлик бер, омонлик бер элимга!

Хосият БОБОМУРОДОВА.