Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Интеллектуал мулк меросхўрга қандай расмийлаштирилади?

- Вафот этган шахс номидаги мол-мулкларни меросхўрга расмийлаштиришда номоддий неъматлар, интеллектуал мулк ҳам назарда тутиладими?

А.САМАДОВ, Пахтачи тумани.

- Номоддий неъмат деганда интеллектуал фаолият натижалари бўлган ҳуқуқлар, хизмат ва тижорат сирига бўлган ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқлар тушунилади. Ижодий фаолиятнинг аниқ бир шаклда, кўринишида ифода этиладиган натижалари интеллектуал мулк ҳисобланади.

Шуларга тенглаштирилган жисмоний ва юридик шахс маҳсулотлари, воситалари (фирма номи, товар белгиси, хизмат белгиси ва ҳоказо) ҳам интеллектуал фаолият натижалари сифатида тан олинади. Ушбу натижаларга нисбатан фуқаронинг ёки юридик шахснинг мутлақ ҳуқуқлари эътироф этилади ва учинчи шахснинг фойдаланишига интеллектуал мулк эгасининг рухсати билангина йўл қўйилади.

Юридик шахс ҳисобланган ҳар қандай кооператив, тижорат ташкилотларига аъзолик ҳуқуқи, уларнинг фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқи (агар қонун ёки шартнома ва низомларда бошқа ҳол белгиланган бўлмаса) мерос таркибига кирмайди. Аммо мерос қолдирувчининг улуши (пай бадаллари) таркибига киради.

Мерос қолдирувчи ўзининг вафотидан кейин мол-мулкларини бошқа шахсларга бериш ёки давлатга ўтказиш ҳақида васият қолдирган бўлса ва бу мол-мулк­лар Оила кодексининг 23-моддасида белгиланган умумий мулк­ни ташкил этса, мерос қолдирувчининг васияти фақатгина ўзининг улушига нисбатан татбиқ қилинади.

Фурқат НАРЗУЛЛАЕВ,

Самарқанд шаҳар

1-сон давлат нотариал идораси катта нотариуси.