Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жамоатчилик палатаси жамиятда жамоатчилик назорати кўламини кенгайтиришга хизмат қилади

Юртимизда жамият ҳаётидаги муҳим воқеалар, фуқаролар, уларнинг муайян қатламини ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш учун жамоатчилик назоратининг ўрни алоҳида эътиборли. Чунки жамоатчилик назоратининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти тараққиётининг бирламчи шартларидан саналади.

Шу жиҳатдан Президентимизнинг шу йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасининг ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш, қолаверса давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу ташаббус Президентимизнинг Парламентга Мурожаатида илгари сурилган эди. Унда давлатимиз раҳбари “Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда, жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувининг мажбурийлигини аниқ белгилаш керак, жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса номаъқул бўлади. Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қиламан” деган эдилар.

Мана шулардан келиб чиқиб палатанинг 12 та асосий йўналишлари белгиланди. Булар орасида давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг эзгу саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи самарали мулоқотни йўлга қўйишдан тортиб, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга кўмаклашиш, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб долзарб масалалар ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли ҳокимият органларига таклифлар киритиб бориш вазифалари мавжуд. Бундан ташқари, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш сингари бир-биридан муҳим вазифалар киритилган.

Фармонга мувофиқ, Жамоатчилик палатасида жамоатчилик асосида ишлайдиган аъзолар турли соҳаларда жамият ривожига ҳисса қўшиб келаётган фуқаролар, ННТлар ва ОАВлар вакиллари орасидан тайинланади.

Республика миқёсида муносиб фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари орасидан аъзоликка қабул қилиниши бугунги кунда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларига билдирилган улкан ишонч бўлиш билан бирга масъулият ҳамдир.

Самарқанд вилоятида бугунги кунда жами 829 та (шундан 544 та давлат рўйхати ва 285 таси ҳисоб рўйхатига олинган) нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлиб, уларнинг 133 таси фуқароларнинг ўз ташаббуси билан ташкил этилган.

Фармон ижросига кўра вилоятимизда Жамоатчилик палатасининг ҳудудий бошқармаси ташкил этилади. Вилоят ҳокимлиги палата фаолият юритиши учун зарур моддий-техник шароитларни яратиб беради. Кейинги вазифа эса, шубҳасиз, ҳудудий палатанинг Президентимиз таъбири билан айтганда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилга амал қилган ҳолда фаолият юритишидан иборат. Шу мақсадда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими бош координатори сифатида вилоятдаги барча нодовлат нотижорат ташкилотларни фаолликка чақирган ҳолда, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Шойим Кенжаев,

ЎзННТМА Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими бош координатори.