Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбой туманида иқтидорли ўқувчилар учун “Ҳоким стипендияси” жорий этилади

Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги 15-сессияси ўтказилди. Тадбирда Президентимизнинг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасига таклифлари тўғрисидаги масала кўрилди.

Сўнгги йилларда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Айниқса, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба-ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизими ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорликни, интеграцияни, таълимнинг узвийлигини таъминлаш борасидаги ишлар эътиборга молик.

Шу билан бирга, миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати уни замон талаблари асосида модернизация қилишни тақозо этмоқда.

Сессияда сўзга чиққан туман халқ таълими бўлими мудири З.Юсупова ушбу маслага тўхталиб, қабул қилиниши кутилаётган Президент фармони лойиҳасига қатор таклифларни илгари сурди.

Хусусан, лойиҳанинг 3-а бандига қўшимча равишда Миллий ўқув дастурлари халқаро хорижий мактаблар ўқув тизимига мос тарзда ишлаб чиқилиши, ўқув режаси ўқувчиларни мустақил дарс қилишга ундовчи тизимга йўналтирилиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, таълимда эришилаётган натижаси бўйича ўқитувчиларни рағбатлантириш ёки жарима белгилаш тизимини яратиш таклифи киритилди.

Бундан ташқари, иқтидорли ўқувчилар учун “Аълочилар жамғармаси”, “Ҳоким стипендияси” каби рағбатлантирувчи механизмлар таъсис этиш, туманнинг иқтидорли ёшларидан иборат “Жомбой олтин фонди”ни яратиш каби таклифлар депутатлар томонидан муҳокама этилди.

Сессияга таклиф этилган умумтаълим мактабларининг директор ва директор ўринбосарлари ҳам сўз олиб, кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Жомбой туман ҳокимлиги ахборот хизмати.