Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жорий йил қарийб 7,5 мингта уяли алоқа воситаларини ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари аниқланди

Сўнгги вақтларда мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ижтимоий тармоқларда долзарб мавзуга айланди.

Гап шундаки, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтганлиги кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётган эди.

Ушбу муаммоли масала юзасидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар қаторида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра, қўшни давлатларга ўтиб, у ерда мамлакатимизга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келган.

Биргина, фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ долларидан ҳақ олганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1412-моддасининг 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Мобил қурилмалар импорти 2019 йилнинг 1 январь – 15 сентябрь даврида 58 810 тани (4,6 миллион доллар) ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 451 039 та (29,8 миллион доллар)га етди.

Давлат бюджетига 2019 йилнинг ушбу даврида 8,7 миллиард сўм, жорий йилда эса 72,6 миллиард сўм ундирилди (ўтган йилга нисбатан 63,9 миллиард сўмга кўп).

Бир сўз билан айтганда, мазкур тизим тўлиқ амалиётга жорий этилгандан сўнг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 15 сентябрга қадар 911 882 та (47,3 миллион доллар) мобил қурилмалар импорт қилинган бўлиб, давлат бюджетига 100,1 миллиард сўм ундирилган.

Жорий йилда жами 4,9 миллиард (2019 йил 6,2 миллиард) сўмлик 7 484 та (2019 йил 7691 та) уяли алоқа воситаларини ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари аниқланди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.