Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Журналистлар учун божхона постига пресс-тур уюштирилди

Самарқандда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона соҳасида жорий қилинган қулайлик ва енгилликлар билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ўтказилди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ҳамда ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир иштирокчилари дастлаб “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб, бу ердаги иш жарёнлари билан танишди.

Божхона пости бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Рустам Ахмеджонов кейинги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва енгилликлар ҳамда божхона пости томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

– Тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларнинг вақтини тежаш ҳамда божхона расмийлаштируви жараёни ўртача вақтини қисқартириш мақсадида “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) божхона пости таркибида “Каттақўрғон” божхона пункти ҳамда “Зарафшон” ва “Жомбой” темир йўл станциялари ҳудудида божхона пунктлари фаолият кўрсатмоқда, – дейди Р.Ахмеджонов. – Бизнинг пост ва пунктларимиз томонидан вилоятда мавжуд 12 темир йўл бекати орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган ва олиб чиқилаётган ҳамда транзит ҳаракатланаётган товарлар устидан самарали божхона назорати амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида постимизнинг ташқи савдо айланмаси 609,63 миллион, жумладан, экспорт 62,45 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Буни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қиёсласак, қирқ фоиз (173,52 миллион доллар) ўсишга эришилганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, давлат бюджетига тушумлар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 113,17 миллиард сўм ёки 54,7 фоизга кўпайди.

Ушбу даврда ўтказилган божхона кўриклари бўйича 4337 та далолатнома расмийлаштирилди. Бу жараёнда 14 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, қиймати 856,5 миллион сўмга тенг бўлган товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги фармони талабларига асосан божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда барча божхона постлари кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Республиканинг 53 та ТИФ божхона постлари орасида жорий йилнинг январь ойида товарларни “импорт” божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича (2:44:55) “Улуғбек” ТИФ божхона пости биринчи ўринни, февраль ойида эса иккинчи ўринни эгаллади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда божхона ҳужжатлари расмийлаштируви жараёнининг такомиллаштирилиши, соҳада замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилиши туфайли илгари бир неча кун давом этадиган ҳужжат расмийлаштириш ишлари айни пайтда бир неча соат ва саноқли дақиқаларда амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2018 йил 1 июлдан бошлаб ТИФ иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан, божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш имкониятига эга бўлди.

Натижада 2018 йил июль-декабрь ойларида ТИФ иштирокчилари томонидан 15,5 фоиз, брокер ташкилотлар томонидан 84,5 фоиз божхона юк декларациялари тўлдирилиб, божхона органларига тақдим қилинган бўлса, 2019 йил январь-сентябрь ойларида бу кўрсаткич мос равишда 24 ва 76 фоизни ташкил этди.

Бугунги кунда вилоятда турли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан таъсис этилган 34 та божхона омборлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 25 таси очиқ турдаги ва 9 таси ёпиқ турдаги божхона омборлари ҳисобланади.

Пресс-тур қатнашчилари “TEMUR SERVIS PLUS” масъулияти чекланган жамиятига қарашли очиқ турдаги божхона омбори ҳамда “Сам-Антеп-Гилам” масъулияти чекланган жамиятига тегишли ёпиқ турдаги божхона омборида ҳам бўлди.

ОАВ вакилларига мазкур божхона омборларининг фаолияти, тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таддир давомида иштирокчилар соҳадаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар, соддалаштирилган божхона йўлаги механизмининг фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.