Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантин қоидаларини бузган 7 нафар фуқаро 15 суткага қамалди. Улар орасида 30 ёшли самарқандлик аёл ҳам бор

Бугун, 3 апрель куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этган Ш.Умматов (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган), К.Арипов (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган), И.Камилов (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган), Д.Мавлянова (1986 йилда Сирдарё вилоятида туғилган), Ш.Тошмаматова (1994 йилда Наманган вилоятида туғилган), Ф.Низамова (1988 йилда Наманган шаҳрида туғилган), П.Рустамова (1990 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган)ларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилди.

Иш материалларига кўра, 2020 йил 1 апрель куни соат 20:00 лар атрофида Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган “Энергетиклар” сиҳатгоҳида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридан мамлакатимизга қайтган ва карантинда бўлган юқорида қайд этилган фуқаролар, белгиланган карантин қоидаларига амал қилмасдан, ҳар хил уятли сўзлар билан ушбу сиҳатгоҳда сақланаётган бошқа фуқаролар ва карантин тартибини назорат қилувчи ходимлар олдида бақир-чақир қилиб, уларнинг тинчлигини бузишган вақтида, тинчликни таъминлаш учун келган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат жойида уларни ҳам уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, майда безорилик қилишган.

Суд уларнинг айблари ишда тўпланган далиллар билан ўз тасдиғини топган, деган хулосага келиб, 2020 йил 3 апрелдаги қарори билан Ш.Умматов, К.Арипов, И.Камилов, Д.Мавлянова, Ш.Тошмаматова, Ф.Низамова ва П.Рустамованинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Бугунги кунда юртимизда аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида карантин тартиби жорий этилган бўлиб, фуқароларимизни коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш ва ушбу инфекцияга чалинганларни даволаш борасида изчиллик билан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилаётган бир вазиятда, юқорида қайд қилингани каби ҳуқуқбузарликларга муросасиз бўлиш талаб этилиши ва бу масалада қонун устуворлиги тўлиқ таъминлаб борилиши таъкидланади.

Зеро, карантин тартибига қатъий риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.