Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантин қоидасини бузган шахс ошкор қилиниши керак эмасми?

Ижтимоий тармоқларда карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республикамиз бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 27 486 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълумот берди. Шундан  Самарқанд вилоятида 2 691 та ҳолат кузатилган.

Жумладан, 4 апрель куни Паст Дарғом тумани, Қаршилик қишлоғида яшовчи 1994 йилда туғилган фуқаро Ж.Б. рухсатномасиз ўз транспортида бемақсад юрганлиги аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан жаримага тортилган. Шунингдек, Самарқанд тумани, Равот маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган Ш.А. Тонг 2-берк кўчасида жойлашган автомойкани карантин чекловларига қарамай ишлатиб келган. Оқибатда у ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Тойлоқ тумани, Украч маҳалласида яшовчи Ш.Б. эса жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрганлиги аниқланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Бугунги кунда карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, юқоридаги каби қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда. Лекин ҳуқуқбузарларнинг Ж.Б, Ш.А, Ш.Б каби исм-фамилияларининг бош ҳарфини ёзиш одатга кириб қолди. Нега уларнинг шахсини, исм-фамилиясини яширишимиз керак? Ахир улар бугунги таҳликали кунларда, одамларга вирус юқтирмасликни таъминлаш мақсадида давлатимиз томонидан қабул қилинган қарорларга буйсунмай ҳаракат қилаётган кимсалар-ку. Кенг жамоатчилик уларнинг ким эканлигини билиши керак эмасми? Уларнинг шахси аниқ айтилиши бошқаларга ибрат бўлади-ку!

Ҳусан Элтоев.