Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонлик 89 ёшли онахон энг фаол китобхон, дея эътироф этилди

Бу йил 89 ёшни қаршилаган Магдания Муродимова Каттақўрғон туманидаги 4-мактаб кутубхонасининг доимий фойдаланувчиси. Кутубхонанинг якунланган ўқув йили сарҳисобига кўра, Пайшанба шаҳарчасида истиқомат қилувчи онахон энг фаол китобхон, дея эътироф этилди.

Мактаб кутубхоначиси Раъно Қурбонованинг айтишича, бу ерда онахон ўқимаган китоб қолмади. Йил давомида момо ҳар ҳафта 5-6 китоб олиб ўқиди. Таълим муассасаларининг собиқ ўқувчилари совға қилган адабиётлар ҳам онахоннинг назаридан четда қолмади. Ўзи келолмаган вақтлари китобларни мактабда математика фанидан дарс берадиган келини етказиб беради.

 - Қайнонам уйимиздаги барча китобларни ўқиб тугатган, - дейди момонинг тўртинчи келини Гулсара Шодиева. – Невара келини 2016 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга киргач,  унинг ижара уйида 3-4 ой туриб, университет кутубхонасидаги бадиий адабиётларни ўқиб келди. Яқинда 11-синф битирувчилари кутбхонага китоб совға қилганини эшитиб, уларнинг мутолаасига ҳам аллақачон киришиб кетди. Уйда китобни қўлидан бир зум туширмайди. Қолаверса, ҳар йили 2-3 газета-журналга йиллик обуна бўлади. Ўқитувчи бўлганим боис, нашрларда таълимга оид ёки педагоглар тажрибасидаги янгиликларга дуч келса, баъзан «Мана буни ўқидингизми, келин?», дейди. Салкам 90 ёшида ҳам рўза тутишни канда қилмади. Саҳарликдан кейин қош қорайгунча севимли машғулоти билан бандлиги невара, эвараларига ўрнак бўлаяпти.

- Китоб ўқимасам, кунларим ўтмайди, - дейди китобхон момо. – Кеча «Олтин зангламас»ни тугатган эдим. Бугун Саид Аҳмаднинг «Уфқ» трилогиясини қайта ўқияпман. Ўғилларимга раҳмат мутолаа учун алоҳида хона, шароит яратиб берган. Китоб ўқиб дам оламан. Ҳозиргача ўқиган китобларимнинг саноғини билмайман, аммо ойига камида 20 дан зиёдини қўлдан ўтказяпман. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Россиядан келиб Ўзбекистонда қўним топдим. Тошкент давлат педагогика университетини тугатиб, нафақага қадар Каттақўрғон туманидаги 1-мактабда ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ бердим. Шу орада 5 ўғил, бир қизни элга қўшдик. Айни кезда ўқиганларимни невара-чевараларим, қўни-қўшни билан бўлишаман. Мутолаага ошно тутинган киши кам бўлмайди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,

«Маърифат» мухбири.