Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маст ҳайдовчи йўл четида турган аёлни уриб юборди

Бугун, 15 январь куни соат  01:55 да Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида содир бўлган ЙТҲ ҳақида ички ишлар бўлимига мурожаат келиб тушган.

Аниқланишича, Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 28 яшар М.А. “ВАЗ-2107” автомашинасини маст ҳолатда бошқарган. Лутфий ва Нурафшон кўчаларининг кесишмасида машинани бошқара олмай, йўл четига чиқиб кетган.

Оқибатда йўл четида савдо қилиб турган 56 ёшли Д.В.ни уриб юборган. Аёл шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, олган жароҳатлари туфайли аёл шифохонада вафот этган.

Пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, айни дамда воқеа юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.