Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мавсумга ҳозирлик тўхтаб қолгани йўқ

Zarnews.uz сайтида эълон қилинган “Жомбой туманидаги кўп қаватли уй-жойлар қачон куз-қиш мавсумига тайёр бўлади?” сарлавҳали мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ушбу масала вилоят ҳокимининг видеоселектор йиғилишида ҳам кўтарилганди. Қайд этиш жоиз, объектларни 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш борасида туман ҳокими қарори қабул қилинган. Унга кўра, тизимли ишлар белгиланган ва амалга оширилмоқда.

Гулистон маҳалласида 5 та кўп қаватли уй мавжуд. Уларни қайта таъмирлаш учун “Шуҳрат қурувчи нур” МЧЖга 938 миллион сўмлик кредит ажратилган. Маблағ ҳисобидан 3 та уйнинг том қисми тўлиқ, 2 таси жорий таъмирланди.

Мақолада мазкур уйларнинг канализация тизими мавжуд эмаслиги, оқибатда хонадонлардаги ҳожатхона ва ошхона сувлари ертўлага оқиб тушаётгани айтилади. Ҳақиқатан ҳам канализация масаласи Жомбой туманида узоқ вақт муаммо бўлиб келган. Аммо 2017-2018 йилларда ертўладаги тармоқ янгиланган. Айни пайтда 100 метр куб сиғимли оқава сув хандақи қурилиб, вақтинча фойдаланилмоқда. Асосий канализация тармоғига улаш ишлари якунига етказилиш арафасида. Мақолада тилга олинган 8-уйнинг том қисми 2017 йилдаёқ таъмирланган. “Иш охирига етказилмаган”, деган иддао ўринсиз.

Тошкент маҳалласида 8 та кўп қаватли уй-жой бўлиб, шундан 7 таси Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси ҳисобидан мукаммал таъмирланди. Жумладан, 1-, 4-, ва 7-уйнинг канализация тизими янгиланди.

Аҳмаджон Қурбонов маҳалласидаги 13-уй ҳамда Шодлик маҳалласидаги 21-уйнинг том қисмида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди. Синган шиферлар янгисига алмаштирилиб, қўшимча тарновлар ўрнатилди.

Ҳудудларни ободонлаштириш, дарахт шохларини тартибга келтириш ишлари давом эттириляпти. Қисқа фурсатда тумандаги барча кўп қаватли уйлар мавсумга тайёр ҳолга келтирилади.

Маҳмуд АБДУРАҲИМОВ,

Жомбой тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи.