Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Меҳр-мурувват ойлиги”да фаол иштирок этинг!

Жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар мамлакатимизда “Меҳр-мурувват ойлиги”, деб эълон қилинди. Ушбу ойлик доирасида имконияти чекланган инсонларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, уларнинг жамиятга интеграциясини жадаллаштириш, ушбу мавзуларга бағишланган илмий-амалий семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилиши белгиланган.

Ойлик давомида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоят мусиқали драма театрида хайрия концерти бўлиб, марафонга старт берилади. Хайрия марафонидан тушадиган маблағ ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимояси учун қаратилади. Ойлик давомида маданий-маърифий хайрия тадбирлари, «Саховат» ва «Мурувват» уйларида байрам тадбирлари ташкил этилиши мўлажалланган. Фурсатдан фойдаланиб, самарқандликларни ушбу “Меҳр-мурувват ойлиги”да фаол иштирок этишини сўраймиз.

Ойлик давомида «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган кишиларнинг ҳолидан хабар олиниши, 25 декабрга қадар уларни бепул тиббий, лаборатор диагностика кўрикларидан ўтказиш, даволаш, жарроҳлик амалиётларини ўтказиш каби ишлар амалга оширилиши белгиланган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзишни ният қилганлар Ўзбекистон ногиронлар жамияти вилоят бўлимининг ҳисоб рақамига («Агробанк» Самарқанд вилояти бўлимидаги 20212000200554938001, МФО: 00279, ИНН: 201208714) маблағ ўтказишлари мумкин.