Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Молия вазирлиги ҳузуридаги пенсия жамғармасига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори лавозимига Ашрафхонов Баҳром Баҳодирович тайинланди.

Баҳром Ашрафхонов 1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий. 1993 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 1994 йилда Америка Қўшма Штатлари Кентукки университетини халқаро валюта-кредит муносабатлари, давлат молияси мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида республикамизда суғурта бозорини шакллантириш ва ривожлантириш, давлат молиясини бошқаришнинг ғазна ижроси тизимини республика ва маҳаллий бюджетларга жорий этиш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини ғазначилик тизимига ўтказиш жараёнларида фаол иштирок этган салоҳиятли раҳбар ҳисобланади. Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий, савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшган.

2002-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари – Суғурта назорати давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган.

2005-2007 йилларда Молия вазирининг биринчи ўринбосари;

2007-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги бошлиғи – Молия вазири ўринбосари;

2016-2018 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси;

2019.02-2019.09 - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ижтимоий соҳа масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.