Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Навкатлик Ш.Ўралов ҳозирча “темир дафтар”дан чиқарилмаган

Жорий йилнинг 31 август куни Zarnews.uz сайти ва телеграм каналида чоп этилган “Қўшработда 100 гектар ери борлар ҳам “темир дафтар”га киритилган. Нега?” номли мақоласига аниқлик киритилди.

Мақолада қайд этилишича, “Навкат маҳалласида яшовчи Ш.Ўралов укаси билан бирга 100 гектарлик фермер хўжалигини юритаётгани учун рўйхатдан чиқарилган”. Мақолада келтирилган ана шу маълумотга аниқлик киритиш мақсадида Қўшработ тумани 3-сектор вакили Фахриддин Ўрозов билан боғландик.

Навкат маҳалласида яшовчи Шавкат Ўралов ҳақиқатдан ҳам муҳтож оилалар “темир дафтар” руйхатида туришини таъкидлади. Мақоладан сўнг мазкур хонадон ўрганилганда, Шавкат Ўралов 6 нафар оила аъзолари билан яшайди. Президент қарорига асосан 1 миллион 320 минг сўм миқдорида моддий ёрдам олган. Ушбу оилани камбағалликдан чиқариш ниятида Ш.Ўралов тумандаги “Дамин ота” фермер хўжалигига, турмуш ўртоғи тумандаги “Ишонч” фермер хўжалигига ишга жойлаштирилган.

Мазкур фуқароларнинг ишга жойлаштирилганлиги ҳамда ўз аризасига асосан халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясига Шавкат Ўраловни “темир дафтар”дан чиқариш тавсия қилинган.

Шундан келиб чиққан ҳолда ва Қўшработ тумани 3-сектор вакили Фахриддин Ўрозовнинг таъкидлашича, Ш.Ўралов “темир дафтар”дан чиқарилмаган.

Самарқанд вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси.