Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ноқонуний дори воситалари савдоси билан шуғулланаётган шахслар қўлга олинди

Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан 10-18 март кунлари ўтказилган тадбирлар давомида тахминий суммаси 9 миллион сўмга тенг бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, ушланган барча шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси ва Тергов бошқармаси ходимлари томонидан 10 март куни ўтказилган тадбир давомида Бухоро вилояти, Жондор туманида рўйхатда туриб, Чилонзор туманида вақтинча яшовчи, Тошкент тиббиёт академияси талабаси, 1996 йилда туғилган фуқаро Т.Р. Ўзбекистон Республикасида савдоси чекланган 100 дона “тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори моддасининг ҳар бир донасини 43 минг сўмдан, жами 4 миллион 300 минг сўм пуллар эвазига 1977 йилда туғилган фуқаро Б.К.га сотаётган вақтида холислар иштирокида қўлга олинган.

Юқори Чирчиқ туманида 12 март куни ўтказилган тезкор тадбир давомида туман 2-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Ш.А. ва 20 ёшли Н.Н. шартли мижозга жами 300 минг сўмлик “регапен” таблеткаларини сотаётган вақтида, ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу таблеткаларни ўқувчига сотган Тошкент шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган У.С. ва Сергели туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган А.М. ҳам ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, 18 март куни Янгийўл туманида ўтказилган тадбир давомида Самарқанд вилояти, Булунғур туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган С.И. 112 дона “регапен” ва 25 дона “тропикамид” таблеткаларини 400 АҚШ долларига сотаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан барча шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-модда (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Қўшимча суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.