Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нурободда маҳаллий бюджетдан ажратилган 11 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига хўжаликлараро ички йўллар таъмирланди

Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан жорий йилда 5,991 километр хўжаликлараро ички йўллар қурилиши белгиланган. Бу ишлар маҳаллий бюджетдан 11 миллиард 72 миллион 593 минг сўм маблағ билан молиялаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, хўжаликлараро ички йўлларни қуришда биринчи навбатда, оғир шароитда бўлган, ижтимоий ва иқтисодий объектларга элтувчи йўлларга эътибор қаратилди.
Хусусан, Меҳнаткаш маҳалласидаги Қизилкарвон қишлоғининг 541 метр тупроқ йўлига 50 миллион 397 минг сўм маблағ сарфланиб, шағал қопламаси тўкилди. Жом маҳалласининг Дукур қишлоғида 24-мактабга элтувчи кўчанинг 619 метр қисмига 86 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига шағал ётқизилди. Шарқ Юлдузи маҳалласининг Усмон Носир кўчасидаги қарийб 1 километрлик тупроқ йўл, Қўрғонча маҳалласининг Остонабобо қишлоғидаги худди шундай масофадаги йўл шағал билан қопланди. Олтинсой маҳалласи Узку қишлоғида ҳам 0,5 километр ички йўлга шағал тўшалгач, ёзда чанг, қишда лой бўлишига барҳам берилди.

Бундан ташқари, Нуробод шаҳри Мустақиллик кўчасига қиймати 235 миллион сўмлик, ушбу кўчасининг бошқа қисмига 132 миллион сўмлик асфальт қопламаси ётқизилди. Яқинда Амур Темур кўчасининг 870 метр қисми асфальт қилинди.

Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.