Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонлик ўқитувчи БМТнинг “Тинчлик элчиси” унвони ва олтин медалга сазовор бўлди

Андижон давлат университети факультетлараро жисмоний маданият ва спорт кафедраси катта ўқитувчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси Шуҳратбек Исақов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Жамият олдидаги хизматлари учун” халқаро олтин медал билан тақдирланди ва ташкилотнинг “Тинчлик элчиси” фахрий унвонига сазовор бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу унвон унинг узоқ йиллар давомида халқаро миқёсда спортни ривожлантириш ва халқлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун тақдим этилди.

Шуҳратбек Исақов ўз вақтида белбоғли кураш спорт тури бўйича республика ва халқаро миқёсдаги 50 дан ортиқ мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган, Осиё чемпиони, Жаҳон чемпионати совриндори, халқаро тоифадаги спорт устаси.

Шуҳратбек Исақов мураббий сифатида узоқ йиллардан буён ёшларга миллий қадриятларимиздан бири бўлган белбоғли кураш сирларини ўргатиб келмоқда. Унинг 100 нафардан ортиқ шогирдлари Республика чемпионати ва кубокларида, халқаро турнирларда, 10 нафардан ортиқ шогирдлари эса халқаро мусобақаларда, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида ғолиби бўлган.