Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Парвина” компанияси иши бўйича судланган собиқ солиқчи оқланди

Самарқандда юз берган бу иш бундан 12 йил аввал роса шов-шувга сабаб бўлганди. Ўшанда “Парвина” компанияси билан боғлиқ турли айблар билан Самарқанд шаҳри ва туманининг бир нечта солиқ идораси ходимлари ҳам озодликдан маҳрум қилинганди.

Хусусан, Самарқанд тумани давлат солиқ инспекцияси ходими Мурод Рустамов ва Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходими Ўлмас Ашуровларга жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2008 йил 25 декабрдаги ҳукмига кўра озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

- Давлатимиз раҳбарига раҳмат, - дейди Мурод Рустамов. – Агар шу киши сиёсий ирода кўрсатмаганларида биз бир умр жиноятчи деган тавқи лаънат билан яшашга мажбур бўлардик.

Айнан шу кишининг одилона сиёсати билан биз каби ноҳақ айланиб, қамоққа олинганларга бирмунча енгилликлар берилди. Бунинг натижасида ўзим учун қўйилган айбнинг нотўғри эканлигини исботлашга муваффақ бўлдим. Ваҳоланки, ўша – биз судланган даврда бунинг сира иложи йўқ эди. Бизга турли кўрсатма ва тахминларга асосан жиноий жавобгарлик белгиланганди.

Белгиланган тартиб асосида жиноий жазо муддатининг ўталмай қолган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилгач, М.Рустамов оиласи бағрига қайтди. Жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар унда ҳам умид уйғотди.

Унинг иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида кўриб чиқилди. Суд ишида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари М.Рустамов “Парвина” компаниясида ўтказган текширувлари ўша пайтда амалда бўлган қонунчиликка асосан тўғри ўтказганлиги ҳақида хулоса берди.

Ишни атрофлича кўриб чиққан суд жиноий ҳодиса юз бермаган, деб топди ва М.Рустамов оқланди.

- Бугун солиқ тизимида аввалги лавозимимга тенг ишга тикланиб, яна қадрдон жамоамга қайтганимдан хурсандман, - дейди М.Рустамов. – Руҳий азоб, хўрланган кунларим ортда қолди.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА,

журналист.