Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пахтачи тумани ҳокими Музаффар Ҳамдамов: Ўзгараётган туманимиз бу йил вилоятда кучли бешликка киради

Самарқанднинг энг олис ҳудудларидан бири Пахтачи тумани маркази – Зиёвуддин шаҳарчасида 2019 йилда “Обод марказ” дастури асосида қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бошланган эди. Айни пайтда ҳам бу жараён давом этмоқда. Ушбу йўналишда шу пайтгача амалга оширилган ишлар, умуман, тумандаги кейинги янгилик ва ўзгаришлар, режалар ҳақида туман ҳокими Музаффар Ҳамдамов билан суҳбатлашдик.

– Пахтачи – вилоятимизнинг энг чекка туманларидан, Самарқандга кириш дарвозаларидан бири ҳисобланади. Туманда 150 мингга яқин аҳоли яшайди. Шу пайтгача вилоят ташкилотларида раҳбарлик вазифаларида ишлаган бўлсам-да, туманнинг бу қадар катта иқтисодий салоҳияти, бой ресурсларга эга эканлиги, муҳими, пахтачиликларнинг бу қадар меҳнаткаш, бир сўзли ва бунёдкорлигини яхши билмас эканман. Қарийб бир йилдан буён туман халқи билан ҳамжиҳатликда ишлаб англадимки, бу ерда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, одамларни сафарбар қилиб иш олиб борилса, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш мумкин экан.

Биргина, Қарнабота ва Қизбуви тоғларидаги қазилма бойликлари ўзлаштирилса, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенгайтирилса, шунинг ўзи туман иқтисодига жуда катта фойда келтиради, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

– Тумандаги фаолиятингиз “Обод марказ” дастурини амалга оширишга тўғри келди. Янги раҳбар учун бу оғир эмасмикан?..

– Бунинг қулай ва мураккаб томонлари бўлди, албатта. Қулайлиги, юқорида айтдим-ку, туманнинг мард ва танти кишилари билан ишни бунёдкорлик, ободонлаштиришдан бошладик. Мураккаблиги эса туманни ҳали яхши билмай туриб, қаерда, нимани қуриш, “снос” масалаларида бироз қийналдик. Вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари ва асосийси, туман халқи қўллаб-қувватлади, ёрдам берди ва ўтган йил дастурда белгиланган ишларнинг салмоқли қисмини амалга оширдик. Аввало, туман марказида ичимлик суви, оқава, йўл ва коммуникация тизими янгиланди. 21 километр йўл асфальт қилинди, шунча масофада оқава тармоғи тортилди. Бу йил 16,5 миллиард сўмлик лойиҳа асосида оқавани қайта ишлаш мажмуаси қурилмоқда. Жорий йил август ойида ишга тушадиган мазкур объектда 35 киши иш билан таъминланади. Шунингдек, барча қулайликларга эга туман давлат хизматлари маркази, 40 минг китоб фондига эга интеллектуал кутубхона, бандликка кўмаклашиш маркази учун янги бино қурилди. Туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими, банклар ва бошқа маъмурий бинолар ҳам бугунги кун талабидан келиб чиқиб, реконструкция қилинди, капитал таъмирланди. Ҳозирда дастур бўйича Ёшлар маркази, кўп тармоқли поликлиника, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, давлат санитария-эпидемилогик осойишталик маркази, “Пахтачи” газетаси таҳририяти, прокуратура учун янги бинолар қурилмоқда. Туман деҳқон бозоридаги бўш турган ерда 38 та савдо дўконлари ташкил этиляпти. Туманимиз фахри бўлган Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Қудрат Суюнов хотира боғи ва унга туташ музей реконструкция қилинмоқда. Хотира ва қадрлаш куни арафасида ушбу майдон ва музей янгича кўринишда халқимизга туҳфа этилади. Бундан ташқари, ёшлар боғи, болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўйингоҳи, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларларида олиб борилаётган реконструкция ишлари ҳам яқин ойларда якунига етади.

Марказда ҳалигача мавжуд бўлган “барак” уйлар бузилиб, уларнинг ўрнида иккита замонавий қўп қаватли уй қурилмоқда. Бу уйлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилади. Туман марказига келадиган катта йўл кенгайтирилиши муносабати билан кўча ёқасидаги 37 та аҳоли хонадони “снос”га тушган эди. Бунинг учун ушбу хонадон эгаларига пул маблағлари тўлаб берилди ва улар айни пайтда қурилиш ишларини олиб бормоқда.

– Бунчалик кенг кўламдаги ишларни бажариш албатта, маблағга боғлиқ...

– Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Ўтган йил туман маҳаллий бюджети режасини 118 фоизга бажардик ва 16 миллиард сўм ортиқча топилган маблағни “Обод марказ” ва “Обод қишлоқ” дастурларини амалга оширишга йўналтирдик. Вилоят маҳаллий бюджетидан ҳам катта маблағ ажратиб берилди. Юқорида қайд этганимдек, республика, вилоят ташкилотлари ҳам қурилиш ишларини молиялаштиришга яқиндан кўмак бермоқда. Кўпчиликнинг мадади билан туманимиз маркази бу йил вилоятимиздаги энг кўркам шаҳарчалардан бирига айланиши, шубҳасиз.

– Туман марказида амалга оширилаётган ишлар кўзга кўринарли, албатта. Лекин олис қишлоқлар-чи, Пахтачида аҳоли турмуш даражасини ошириш керак бўлган қишлоқлар ҳам кам эмас?..

– Тўғри, қишлоқларимизда муаммолар кўп ва уларни ҳам босқичма-босқич ҳал этиш чораларини кўряпмиз. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг катта масалалардан бири ҳисобланади. Ўтган йил биргина Қарнабота қишлоғи учун 33 километр ичимлик суви тармоғи тортилиб, узоқ йиллик муаммога барҳам берилди. Бу йил эса бошқа қишлоқларимизга Дамхўжадан 36 километр ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. Шунингдек, аҳолига ичимлик суви ташиб бериш учун вилоят ҳокимилиги томонидан қўшимча янги транспорт воситаси ажратилди.

Ўтган йилнинг ўзида қишлоқларимиздаги 40 километр йўл асфальт қилинди, 100 километр тупроқ йўл шағал йўлга айлантирилди. Жорий йил бу каби ишлар Бурқут, Тўғолон, Ёбу, Қувондиқ маҳаллаларида олиб борилмоқда.

– Аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш кўп жиҳатдан туман иқтисодиётининг мустаҳкамлиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишга боғлиқ. Бу борада туманда қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Албатта, сўзимнинг аввалида айтганимдек, Пахтачи иқтисодиётини ривожлантириш учун туманда имконият ва салоҳият етарли. Гап бу имкониятлардан фойдаланишда.

Айни пайтда туманимизда 583 хўжалик субъекти, жумладан, 86 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бу корхоналар асосан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Лекин энди аввалгидек, фақатгина оҳак, гипс тайёрлаш, тошни майдалаш билан чекланмаслигимиз керак. Ана шу оддий тошдан бир неча хил замонавий қурилиш материаллари тайёрлаш мумкин. Бунинг учун илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилишимиз лозим. Шу мақсадда бир қатор хорижий компаниялар, инвесторлар билан келишувларга эришдик ва ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этмоқчимиз. Бу йил туманимизга 12 миллион долларлик хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилган бўлса-да, биз бу кўрсаткични ошириш имкониятига эгамиз. Биргина, Швейцариянинг “Париса” фирмаси билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳани амалга ошириш учун 450 миллион долларлик меморандум имзолаганмиз. 31 март куни ушбу лойиҳани молиялаштириш бошланди ва 1 миллиард сўм маблағ келиб тушди ва ишлар бошланди. Лойиҳа амалга ошиши билан 1200 киши иш билан таъминланади.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан яна бир йирик лойиҳа – 37,5 гектар ер майдонида Туркия технологияси асосида замонавий иссиқхона комплекси қурилиши бўйича хорижлик ҳамкорлар билан ишларни бошладик. 12 миллион доллар инвестиция киритилиши режалаштирилган бу лойиҳа ҳам туман иқтисоди учун яхши натижа беради.

Туманимиздаги учинчи сектор ҳуддудида – Амирободда эса “Бахт текстил” корхонаси томонидан тикув фабрикаси қурилиши бошланди. Тадбиркорнинг 5 миллиард сўм ўз маблағи, 10 миллиард сўм банк кредити ҳамда 300 минг доллар хорижий инвестиция ҳисобига амалга ошириладиган мазкур лойиҳа 630 кишини доимий иш билан таъминлаш имкониятини яратади. Худди шундай корхона йил якунигача Султонободда ҳам ташкил этилади.

Бу йил чорвачилик бўйича ҳам 2 та йирик лойиҳамиз бор. Ушбу лойиҳалар асосида хориждан минг бош зотдор қорамол келтирилиб, сут ва гўшт йўналишида фаолият олиб борилади. Жумладан, “Шукур чорва инвест” корхонаси Германиядан 300 бош қорамол келтирмоқда. Шу тадбиркоримизнинг ўзи 1 миллион доллар маблағ сарфлаб, сутни қайта ишлаш корхонаси қуряпти. “Пахтачи родник” корхонаси фаолиятини тиклаши натижасида бу ерда 145 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Санасак, бундай лойиҳаларимиз кўп. Олдимиздаги мақсад ва режалар ҳам катта. Агар уларни тўлиқ амалга ошира олсак, Пахтачи вилоятимиз туманлари орасида кучли бешликка киради. Бунинг учун туманда имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли.

Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.

 ***

Шу ва бошқа саволларга юқоридаги видеолавҳада жавоб олишингиз мумкин.