Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: АДАШИШ

Бу воқеа анча йил олдин содир бўлганди.

Бир куни Нью-Йорк, Саламансига бордим. У ердан поездга ўтириб, дам олгани жўнаб кетишим керак эди. Перронда одам гавжум, игна ташласанг ерга тушмайдиган даражада. Вагонлар йўловчиларга тўлиб кетган бўлишига қарамай одамлар худди жаҳаннамдан қутқариш учун юборилган сўнгги поездга улгуришлари керакдек ўзини оломонга урарди. Шу пайт мен ҳам ўшаларнинг орасида эканлигимни пайқадим ва хайратни унутиб,  дарҳол бошига ташвиш тушган кишидек чипта кассасида ўтирган ёш йигитга мурожаат қилдим.

- Узр,  дам олиш жойимгача  жой учун буюртма берсам бўладими?

- Йўқ!

Сизни танимаган ҳар қандай кимса худди шундай қилган бўларди. Аммо у ҳам мени танимади шекилли, бирдан жавоб қайтарди.

Табиийки, жавоб мени қониқтирмади. Аммо ортга чекинмадим. Ахир, обрўйимга тўғри келмасди-да. Бироқ шунча одам қараб турган пайтда у билан тортишиб ўтирмадим. Ўша ерда хизмат қилиб юрган бошқа бир кишидан илтимос қилдим:

– Кечирасиз, вагоннинг бирор чеккароқ, ташландиқ бурчагида бўлса ҳам…

– Йўқ!

Сўзим бўғзимда қолди, иккинчи киши аввалгисидан фарқли ўлароқ гапимни эшитгиси ҳам келмади. Бир зум эсанкираб турдим. Наҳотки, мендек таниқли, обрўли кишига шундай муносабатда бўлишса-я? Ўзимни  раддибалога учраган қочқиндек ҳис қилдим.

– Йўқ, ҳамма бурчак банд, мени бошқа безовта қилманг- деб ўшқирди.

Сўнгги эшитган гапим шу бўлди, кўнглига тегади ҳам демай орқасига бурилиб кетди. Юрагим ғашланди. Кўнгли дардга тўлиб, бирор дардкаш излаётган ғийбатчи хотиндек ёнимда турган ҳамроҳимга сўз қотдим:

- Буниси бўлмаса, бошқаси мени таниши керак-ку ахир. Агар бу одамлар менинг кимлигимни билганида борми, улар…

Гапим тугамади, мақтанишни озроқ ошириб юбордим шекилли, ҳамроҳимнинг афти бужмайди. Дардкаш танлашда адашдим чоғи.

“Бўлди-яй, сафсатани қўйсангизчи, биз шу шароитга кўникишимиз керак. Нима, агар улар сизнинг кимлигингизни билганларида жой бўлмаса ҳам поезддан сизга бирор бўш жой топиб беришармиди...”

Бу сўзлар ҳолатимни яхшилаш учун таскин бўлмади, аксинча, мушкул вазиятда қолдим. Аммо шу пайт вагон юк ташувчисининг кўзи менга тушганини пайқадим. “Ана ҳақиқат қарор топди! Дардимга малҳам топгандек бўлдим. Ҳа, у қаршисида машҳур киши турганини илғади. У секингина ёнидаги форма кийган кондукторга мени кўрсатиб, шивирлаганидан билдимки,  мен ҳақимда гаплашишяпти. Сўнгра кондуктор ҳурмат ва юзида табассум билан ёнимга келди.

– Сизга мендан бирор ёрдам керакмасми? Ёки вагондан жой олишни хоҳлайсизми?- сўради мулойимлик билан.

Кўнглим ёришди ва жавоб беришга шошилдим:

– Ҳа, албатта, агар бирорта жой берсангиз, сиздан ғоят  миннатдор бўлардим.

- Хўш, бизда катта оилалар учун ажратилган бўлмалардан бўлак жой қолмади. Менга ва ҳамроҳимга жой олиб қўймаганлиги учун у ўзини гўё айбдордек ҳис қилди ва афв этиб рози бўлишимни кутаётгандек сўзида давом этди: - У ерда иккита кроват ва бир жуфт кресло ҳам бор. Барчаси сизнинг ихтиёрингизда бўлади. - Бизни кўнишимизни билиб, ёрдамчисига мурожаат қилди.

– Ҳой, Том бу ёққа кел, мана бу жамадонларни оилалар бўлмасига олиб чиқ! - деб буюрди ва  бошидан шляапасини олиб, тавозе билан менга таъзим қилди.

Сўнгра бизни бўлмага жойлаштириб юксак эҳтиром кўрсатди. Ўзимни ҳамроҳим олдида қанчалик обрўли эканлигимни ва у мен туфайли шу марҳаматга эга бўлиб турганлигини юзига солиб қўймоқчи бўлдим, аммо фикрим ўзгарди. Тағин кўнглига тегмасин, деб тилимни тийдим.

– Жаноб, менга яна нима хизмат? Кўнглингиз нима тусаса, буюринг.

– Ҳа, озроқ иссиқ сув келтира оласизми?

– Албатта, жаноб, ўзим олиб келаман.

– Яхши, ҳа, дарвоқе, анави чироқ ҳам анча юқорига илинибди. Ўшани пастга, кроватимнинг бошидаги токчага ўрнатинг, китоб ўқишим учун қулайроқ бўлади.

– Ҳа, жаноб нариги хонада чироқ ўрнатиляпти, яхшиси ҳозир уни буёққа олиб келиб ўрнатаман. Туни билан ёритади. Яна бирор нарса хоҳлайсизми? Бугун бутун темирйўл сиз учун хизмат қилади, - деди ва секин чиқиб кетди.

Ғурурдан ўзимга сиғмасдим ва жилмайиб ҳамроҳимга юзландим:

– Хўш, энди бунисига нима дейсиз? Улар менинг Марк Твен эканлигимни билганларидан муносабатлари ўзгардими ёки йўқ? Мана натижани ўзингиз кўрдингиз, шундай эмасми?

У бошида менга қарши чиққанлиги учун ўзини айбдордек  ҳис қилди шекилли жавоб бермади. Унинг тилини янада  қисиқ қилиш учун пайтдан фойдаланиб луқма ташлаб қўйдим:

– Сизга ҳам хизмат қилишларини хоҳламайсизми? Нархи бир хил  бўларди.

Шу пайт эшикда ҳаммолнинг жилмайган юзи кўринди.

– Оҳ, жаноб, кўзим сизга тушган заҳотиёқ кимлигингизни танигандим.

Унга чой-чақа узатарканман:

– Шундайми ўғлим? Қани айтчи мен кимман ўзи?

– Сиз, сизми,  Нью-Йорк мэри, жаноб Маккеленсиз! - деди ва мамнун чиқиб кетди.

Марк Твеннинг ҳикоясини Чарос ҚОЗОҚОВА инглиз тилидан таржима қилди.