Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қоплон фермер ва унинг ўғлини ғажиб ташлади

Ҳиндистондаги Махараштра штатининг Аурангабад яқинидаги Апеагон қишлоғида қоплон фермер ва унинг ўғлини ғажиб ташлади. Бу ҳақда Yahoo News хабар бермоқда.

16 ноябрь куни 52 ёшли Ашок Ауте ва унинг 27 ёшли ўғли Кришна Ауте фермага ишлашга кетишган эди. Кечқурун улар уйга қайтишмади. Қариндош ва яқинлари бедарак йўқолганлар қидирувини ташкил этди ва ўрмон хўжалиги вакилларига хабар берди.

Кейинчалик фермада эркак ва унинг ўғлининг қоплон ҳужум қилганини англатувчи излари бўлган жасадлари топилди.

Ўрмон хўжалиги вакиллари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ваҳимасини босиш мақсадида йиртқични тутиш учун ҳудудга камера ва қафаслар ўрнатишга қарор қилди. Ҳалок бўлганлар оиласига қонунга мувофиқ компенсация пули тўланади.

Аввалроқ, Уттараханд штатининг Ҳимолой тоғи ҳудудидаги Бҳаттигаон қишлоғида қоплон етти ёшли қизчани ғажиб ташлагани ҳақида хабар берилган эди. «Катта мушук» ўлган қурбонини ташлаб, ғойиб бўлган.