Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўқон шаҳрида тарихий шахслар ҳақида учта фильм ишланмоқда

Айни кунларда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан Қўқонда тарихий мавзуда бир йўла учта бадиий фильм суратга олинмоқда. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги хабар бермоқда.

“Дилшоҳ медиа” киностудияси раҳбари, продюссер Маҳмуд Эркабоев ва режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинаётган “Қўқон шамоли” номли тарихий фильмнинг сценарийси 2018 йилнинг июль ойида “Ўзбеккино” Бадиий кенгашидан ўтган. Дастлабки тайёргарлик ишлари бир неча ой давом этди. Фильмда Қўқон хонлигининг ХVIII аср охири — ХIХ аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда адабий муҳити, ўша давр чигалликлари, Алишер Навоий яратган Ҳирот адабий муҳитидан кейинги ҳодиса сифатида эътироф топган Қўқон адабий муҳити ва унинг асосчиси — Амирий тахаллуси билан ижод қилган Амир Умархон (1787-1822) ҳамда унинг шоира аёли — Нодира тахаллуси билан ижод қилган Моҳларойим (1792-1842)нинг ҳаёти ва фаолияти ёритилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, фильмдаги Нодирабегим роли учун элликдан ортиқ, Амир Умархон роли учун ўттиздан ортиқ, Амир Олимхон роли учун эса ўттизга яқин актёр ва актрисалар синовдан ўтди. Узоқ давом этган фото ҳамда видео синовлардан сўнг Нодирабегим ролига ёш актриса Райҳон Асатова, Амир Умархон ролига актёр Илҳом Бердиев, Олимхон ролига эса актёр Бобур Йўлдошев тасдиқланди.

Фильмнинг сценарийси Қўқон давлат педагогика институтининг филология факультети кафедра мудири Зебохон Қобилова қаламига мансуб. Фильмда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Шоҳида Исмоилова, Гулбаҳор Йўлдошева, Ҳошим Арслонов, Фурқат Байдиев ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммад Рафиқов ва бошқа актёрлар иштирок этмоқда.

Яна бир тарихий фильм ноёб истеъдод эгаси, кўплаб Шарқ ва ғарб тилларининг билимдони, ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида Ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган Исҳоқхон Ибрат ҳақида. Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ истиқлоли учун жонини фидо қилган улуғ бобомиз Исҳоқхон Ибрат шоир, таржимон, тарихчи ва тилшунос олим, шариат ва дин пешвоси, 20 йилдан ортиқ халқ қозиси лавозимида фаолият кўрсатган жамоат арбоби бўлган.

Таниқли режиссёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Жаҳонгир Қосимов томонидан суратга олинаётган “Исҳоқхон Ибрат” бадиий фильмида шу буюк зотнинг машаққатли ва воқеаларга бой фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Режиссёрлар Жаҳонгир Қосимов, Аҳмаджон Ўнарбоев, постановкачи оператор Рустам Муродов фильмни суратга олиш ишларини Қўқонда олиб боришмоқда. Асосий ролларни Фарҳод Маҳмудов, Ирода Қосимова, Матёқуб Матчонов, Михаил Каминский, Жўрабек Орзиев, Сейдулла Молдаханов, Итало Спинелли, Абдураим Абдуваҳобов, Тоҳир Саидов, Фурқат Файзиев, Баҳром Матчонов, Акбархўжа Расулов, Шаҳзода Матчонова каби кўплаб таниқли актёр ва актрисалар ижро этмоқда.

“Муҳаббат баҳори” бадиий фильмида икки улуғ ижодкор – Зулфия ва Ҳамид Олимжоннинг соф муҳаббати, ҳаёт йўллари, ижоди, айрилиқ, вафо, садоқат туйғулари ифода этилади.

Фильм сценарийси муаллифлари — Зулфия Қуролбой қизи ва Микойил Сулаймонов. Айни кунларда постановкачи режиссёр Иброҳим Расулов, операторлар Равшан Асқаров, Темур Абдуллаев томонидан фильмни суратга олиш ишлари олиб борилмоқда. Фильм воқеалари Қўқон, Жиззах, Тошкент вилояти ва Қримда бўлиб ўтади. Картинада шоир Ҳамид Олимжон ролини Ҳамза Ҳасанов, шоира Зулфия ролини Шаҳноза Ҳожимуродова ва София Турсунбоева (ёшлиги) ижро этишмоқда. “Муҳаббат баҳори” бадиий фильмида Меҳриддин Раҳматов, Абдураим Абдуваҳобов, Шафоат Раҳматуллаева, Отабек Ҳақбердиев, Фарғона ва Қўқон театри актёрларини турли ролларда кўришимиз мумкин. Ушбу картинани куз ойларида якунига етказиш режалаштирилган.