Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд мактабларида Халқаро баҳолаш дастурларига қандай тайёргарлик кўриляпти?

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамда Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ҳамкорлигида “Таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришда таянч мактабларнинг ўрни” мавзусида республика ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган семинарда таянч мактаблар директорлари, мактабларнинг аниқ ва табиий фанлар ўқитувчилари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими методистлари иштирок этди.

Семинарнинг ялпи мажлисида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов, вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Жўрабек Эшмуродов сўзга чиқиб, халқ таълими соҳаси олдида турган муҳим синовлардан бири — Халқаро баҳолаш дастурларига муносиб тайёргарлик кўриш, бу борада фан ўқитувчиларининг малака ва тажрибасини ошириш, таянч мактаблар ҳамда уларга бириктирилган таълим муассасаларининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш тобора долзарб аҳамият касб этаётганлигига алоҳида тўхталди. Айни пайтда таянч мактаблар амалга оширадиган вазифаларнинг кўлами ортиб, тренер-ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш, методик кунлардан унумли фойдаланиб, педагогларнинг касбий маҳоратини юксалтириш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

Ўқув-семинарда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори Ҳимматилла Даминов ZOOM платформаси орқали семинар ишини кузатиб борди. Ҳ.Даминов ушбу йўналишдаги муҳим вазифалар ҳамда муаммолар, шунингдек, Миллий марказ фаолиятига алоҳида тўхталиб, ўқитувчи ва методистларга ўз тавсияларини берди.

Физика ва математика фанлари доктори Эрмамат Сатторов “PISA тадқиқотларида математик саводхонлик”, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказининг аниқ ва табиий фанлар методикаси кафедраси ўқитувчиси Азиза Қудратова “Таълим жараёнини “Катта кашфиётлар кичик тадқиқотлардан бошланади” ғояси асосида олиб борилишининг зарурий мезони” мавзусида тингловчиларга маълумот берди.

Ўқув-семинар учта - ўқиш саводхонлиги, бошланғич синфларда матнни ўқиб тушуниш саводхонлиги (PRLS, TIMSS) ҳамда аниқ ва табиий фанлар саводхонлиги шўъбаларига бўлинган ҳолда давом этди. Унда тренер-ўқитувчилар вилоят бўйича умумтаълим мактабларининг фан ўқитувчилари учун маҳорат дарсларини ўтишди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.