Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда электр энергияси тўловларидан миллионлаб қарздор бўлган абонентлар қанча?

Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси берган маълумотда қуйидагилар қайд этилган:

«Электр ҳисоб» дастурига кўра, 2019 йил 1 сентябрь ҳолатига электр энергияси истеъмоли учун мажбурий тўловлардан 1 миллион сўмдан кўпроқ қарздорликка йўл қўйган абонентлар сони 48 минг 576 тани ташкил қилади. Уларнинг қарздорлиги 225 миллиард 381 миллион 700 минг сўмни ёки электр энергияси истеъмолидан қарздорлик миқдорининг қарийб 58 фоизини ташкил қилган.

Шунингдек, 1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача қарздор абонентлар сони 26 минг 918 тани ташкил қилиб, улардан ундирилмай қолаётган умумий қарздорлик суммаси 47 миллиард 847 миллион сўм.

Қарздорлиги 3 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача бўлган истеъмолчилар сони 10 минг 655 тани ташкил қилиб, уларнинг умумий қарздорлик миқдори 41 миллиард 253 миллион сўм.

Бундан ташқари, вилоятда 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар сони 8 минг 322 тани ташкил қилиб, уларнинг қарздорлиги 57 миллиард 85 миллион сўм.

Электр энергиясидан қарздорлиги 10 миллион сўмдан кўп бўлган абонентлар ҳам мавжуд. Бундайлар сони 2681 тани ташкил қилиб, улардан ундирилмай қолаётган маблағ миқдори 79 миллиард 195 миллион сўм.

Электр энергияси истеъмоли учун мажбурий тўловлардан қарздор абонентлар сони 314 минг 454 та, умумий қарздорлик миқдори 402,4 миллиард сўмни ташкил қилади. Шу жумладан, 298 минг 241 нафар аҳоли  357,2 миллиард сўм, 16 минг 213 та улгуржи истеъмолчилар 45,1 миллиард сўм қарздор.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бу масалага ўтказилган хатловлар давомида аниқлик киритилган.

Хусусан, бюро ходимлари томонидан ўтказилган хатлов жараёнида 2018 йилда таъминотчи корхоналар томонидан табиий газ истеъмоли учун 47 минг 663 та абонент ҳисобига 84,5 миллиард сўмлик, электр энергия истеъмоли учун 27 минг 569 нафар истеъмолчилар ҳисобига 55,6 миллиард сўмлик, умумий ҳисобда 140,1 миллиард сўмлик ундирилиши асоссиз ва умидсиз қарздорлик ҳисоблангани аниқланган.

Жорий йил давомида ўтказилган хатлов жараёнида табиий газ истеъмоли учун 9 минг 933 та абонентлар ҳисобига 34,9 миллиард сўмлик ҳамда электр энергияси истеъмоли учун 87 минг 40 та абонентлар ҳисобига 60,2 миллиард сўмлик асоссиз (нореал) қарздорлик ҳисобланганлиги маълум бўлган.

Ушбу аниқланган 235,2 миллиард сўмлик умидсиз ва нореал қарздорликни ҳисобдан чиқариш масаласи ижобий ечимини топмаган. Шу боис кўрсатилган маблағ дебитор қарздорлик тариқасида ҳисоботларда ҳануз акс этмоқда.