Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда пора билан қўлга тушган ИИБ ходими 13 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Тайлоқ туман судида 60 минг доллар пора билан қўлга тушган Тайлоқ туман ИИБ инспекторининг жиноий ҳаракатлари юзасидан суд иши бўлиб ўтди. Бу ҳақида Тойлоқ тумани ЖИБ суди раиси Марат Эргашев «Дарё»га маълум қилди.

Суд жараёнида маълум бўлишича, судланувчи Азамат Сафаров Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 7 ноябрдаги «Жиноий-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида Тайлоқ тумани ИИБ раҳбарияти томонидан туман ИИБда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш бўйича Пробация маркази ташкил этиш учун туман марказидаги 420-сонли милиция таянч пунктининг эски биноси ва бино остидаги ер майдонини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга бериб, эвазига мазкур шахсларга марказ учун янги бино қурдириш ҳақидаги таклифини эшитиб, ушбу таклифдан ноқонуний бойлик орттириш йўлида фойдаланишни режалаштирган.

Судланувчи Азамат Сафаров 420-сонли милиция таянч пунктининг эски биноси ва бино ости ер майдонини харид қилишни мулкий аҳволи яхши бўлган шахсларга таклиф қилган. У бинони ва бино ости ер майдонини сотиб олиш учун Тойлоқ тумани «Чарағбон» маҳалласида яшовчи фуқаро Неъмат Муқумовда катта миқдордаги пул маблағлари борлигига ишонч ҳосил қилган.

Шундан сўнг мулкий наф кўриш мақсадида Неъмат Муқумов билан мулоқотга кириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда туман ИИБга қарашли ҳақиқий нархи 118 миллион 377 минг 072 сўм бўлган 420-сонли милиция таянч пункти маъмурий биноси ва бино ости ер майдонини 70 минг АҚШ доллари эвазига сотилаётганлигига ишонтирган. Ушбу миқдордаги пул маблағларини мансабдор шахсларга бериш эвазига бинога ва бино ости ер майдонига эгалик қилиш ҳақидаги туман ҳокимининг қарорини чиқартириб, унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Азамат Сафаров 2019 йилнинг 15 май куни тумандаги 420-сонли милиция таянч пунктидаги хизмат хонасида фуқаро Н.Муқумовдан келишилган 70 минг АҚШ долларининг 60 минг АҚШ доллари микдоридаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Азамат Сафаровнинг жиноят содир этишдаги ҳолатларини муҳокама қилиб суд ҳукми ўқилди. Суд ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилган Азамат Сафаровга 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.