Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда қотилликда айбланган аёл руҳий касалликлар шифохонасига юборилди

Жиноят ишлари бўйича вилоят судида кўриб чиқилган навбатдаги иш, аслида Самарқанд шаҳрида юз берган воқелик кўпчиликни ўйлантириб қўйиши шубҳасиз.

Негаки, аввало жабрланувчи ҳам, айбланувчи ҳам тўлақонли турмуш тарзига эга бўлмаган. Аслида турмуш ўртоғи бўлмаган бу икки аёл Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида ижарада бир оила бўлиб яшаб келган.

Қайд қилиш ўринлики, ишнинг очилишида – қасддан ўлдирилган болакайнинг қотилини топишда гувоҳнинг кўрсатмалари муҳим аҳамият касб этган.

Ўша куни ҳам у одатдагидек ишларини битириб, “Жума-Самарқанд” йўналиши бўйича ҳаракатланиб киракашлик қилаётган “Газель” русумли автомашинага чиқади. Шу вақтида яна бир аёл вояга етмаган қиз ва тахминан 4-5 ёшларда бўлган ўғил бола билан чиққан. Самарқанд шаҳридаги “Темир йўл” деҳқон бозорида 20 йилга яқин мева ва сут маҳсулотлари сотиш билан шуғулланиб келган аёл ушбу йўловчини дарров танийди. “Ахир бу бозор ичида бўш баклажка ва қоғозлар йиғиб, гоҳида тиланчилик қиладиган, доим мана шу қиз билан бирга юрадиган аёлку”.

“Газель” юрган вақтда таниш аёл билан бирга чиққан болалар нимагадир талашиб қолади. Ўғил бола фақат овоз чиқарганлиги учун унинг гапиролмаслигини аён бўлганди. Иккаласи ҳам дакки эшитгач, учовлон Паст Дарғом туманида Дарғом каналига яқинлашганларида аёлнинг талаби билан тушиб қолишади.

Бу вақтда эса “Газель”да номаълум томонга кетаётган болакайни онасини қидириб юрганди. 31 декабрда йўқолган боласини тополмаган аёл 3 кун ўтиб суратини турли жойларга илиб чиқади. Суд мажлисида билдиришича, унинг ўғли илгари ҳам бир неча марта йўқолиб қолган. Бироқ орадан икки уч кун ўтиб, қайтиб келган. Бироқ энди беш кун ўтса ҳамки дараги бўлмайди. Шундан сўнг ноилож қолган Самарқанд шаҳар ИИО ФМБга мурожаат қилади...

Аниқланишича, Холида Акрамова (исм, фамилиялар шартли) Аббос Ботировни қасддан ўлдириш мақсадида шиддат билан оқаётган “Дарғом” каналига итариб юбориб, аввалдан режалаштириб юрган қабиҳ ниятини амалга оширган.

Х.Акрамованинг ижтимоий хавфли қилмишни содир этганлиги жиноят иши материалларида тўпланган ҳужжатлар билан тўлиқ ўз исботини топган. Бироқ амалдаги тартибга асосан, жиноят содир этган шахс ҳукм чиқарилгунга қадар ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва ўз ҳаракатларини бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка чалиниб қолган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. Самарқанд вилоят психоневрология диспансерининг 2019 йил 15 февралдаги хулосасига асосан Х.Акрамова жиноятни руҳий касаллик ҳолатида содир этган деб топилган.

Шу боис, суд томонидан Самарқанд вилояти ИИБ 7-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган Холида Акрамовага нисбатан кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий тартибда даволаниш чоралари белгиланиб, у даволаниш учун Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига юбориш тўғрисида ажрим чиқарилган.

Ў.Мамадалиев,

жиноят ишлари бўйича вилоят

суди раисининг ўринбосари.