Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайловларга қанча халқаро кузатувчи келади? Уларнинг фаолиятида қандай ҳуқуқий асос бор?

Вилоят Ёшлар марказида давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда халқаро кузатувчилар ва хорижий оммавий оммавий ахборот воситалари билан ишларни мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи аъзолари учун семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар Марказий сайлов комиссиясининг лойиҳавий фаолияти доирасида ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорликда сайлов соҳасидаги экспертлар иштирокида ташкил қилинди.

Тадбир аввалида Марказий сайлов комиссияси вакили Фарҳод Насриддинов Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг асосий тушунчалари, кузатувчиларни рўйхатга олиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, ҳудудий бошқарув органларининг сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишдаги ўрни ҳақида атрофлича маълумот берди.

- Парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ишларни, овоз бериш жараёнини юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг, кўплаб халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари, журналистлар бевосита кузатиб боради, - дейди Ф.Насриддинов. – Биргина ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 300 нафарга яқин вакили кузатиб бориши кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, миссия асосий гуруҳни, шунингдек, 30 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчини ўз ичига олади. Узоқ муддатли кузатувчиларнинг функциясига сайлов жараёнининг турли босқичларини ҳудудларда кузатиш кирса, қисқа муддатли кузатувчилар сайлов куни бириктирилган туманларда овоз беришни кузатади.

Семинар давомида ЕХҲТ экспертлари сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишнинг халқаро стандартлари, норматив ҳуқуқий база хусусида ҳам тушунчалар беришди.

Куннинг иккинчи ярмида нима учун сайловлар кузатилиши, халқаро кузатувчиларнинг сайловларни адолатли ўтказилишида халқаро кузатувчиларнинг қандай ўрни борлиги, сайловларни баҳолаш мезонлари ҳақида маърузалар тингланди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга Марказий сайлов комиссияси вакиллари ҳамда ЕХҲТ экспертлари томонидан батафсил жавоб берилди.

Ё.ГАДОЕВ.