Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шарқшунослик соҳасида малакали кадрлар тайёрланади, институт университетга айлантирилади 

Шарқшунослик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш мақсадида 2020 йил 16 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор мамлакатимизда шарқшунослик соҳасида катта янгилик бўлди. 

Мазкур соҳада кадрлар тайёрлаб берувчи нуфузли олий таълим муассасаси бу Тошкент давлат шарқшунослик институтидир. Институт нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрловчи ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади. Институтда иқтисод, сиёсат, тарих, филология каби соҳаларда кадрлар тайёрлансада, институт мақомида қолаётган эди. 2019-2020 ўқув йилида янги йўналишлар ва японшунослик факультети ташкил қилингач, мазкур олий таълим муассасаси ҳам университет мақомини олиш талабларини бажарди. Юқори билим ва малакага эга бўлган кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида, юқоридаги Президент қарори асосида Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил қилинди. 

Бугунги кунгача институтда араб, дарий, форс, ҳинд, индонез, корейс, малай, пуштун, турк, урду, уйғур, хитой, япон тиллари бўйича филология, тилларни ўқитиш, таржима назарияси, тарих, шарқ фалсафаси ва маданияти, хорижий мамлакатлар иқтисодиёти, мамлакатшунослик, жаҳон сиёсати йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Янги ўқув йилидан халқаро журналистика, туризм ва гид ҳамроҳлиги, таржимонлик фаолияти йўналишлари бўйича ҳам талабалар қабул қилиниши белгиланди. 

 Тошкент давлат шарқшунослик университетида шарқ тилларини ўқитиш алоҳида ўрин тутади. Шу сабабли, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб университетга ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилади. 

Бундан ташқари, университетда таълим жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизими асосида амалга оширилади. Мазкур тизим талаба ва ўқитувчилар учун кўпроқ эркинлик яратиб беради, ўз устида ишлаш учун шароитларни яхшилайди. 

Юқорида режалаштирилган лойиҳалар амалга ошса, университет кучли ва рақобатбардош кадрларни меҳнат бозорига етказиб беришни кўпайтиради, унинг халқаро миқёсда ҳам обрўси ошади.

Шоҳрух ЮНУСОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик 

университети талабаси.