Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди

Бугун, 15 октябрь куни эрталаб Боку шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарлари бир-бирини самимий қутлаб, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.

Туркия Президенти Ўзбекистон раҳбарини мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилгани билан самимий табриклаб, бу қарор икки томонлама алоқалар ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Музокараларда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, иқтисодиёт, савдо, инвестициялар, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.