Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спорт хабарлари

Оммавий юриш

Самарқанд эшкак эшиш каналида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида оммавий юриш марафони ташкил этилди.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан ўтказилган тарғибот тадбирида таълим муассасаларининг 1000 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлари, спорт федерациялари масъуллари, тиббиёт муассасалари ишчи-ходимлари қатнашди. Бадантарбия машқларидан кейин иштирокчилар 5 километр масофани босиб ўтди.

Тадбирда вилоят велоспортчиларининг кўргазмали чиқишлари ҳам намойиш этилди. Энг фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Шахмат

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар шахмат тахтаси” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси ижроси доирасида ўтказилган мусобақада барча олий таълим муассасаларининг талабалари қатнашди. Улар орасидан ўғил болалар баҳсида Самарқанд давлат тиббиёт институти талабаси Иноятулло Раҳимов ҳамда қиз болалар ўртасида Самарқанд давлат университети талабаси Гулҳаё Нарзиқулова биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари иштирокида “Ёшлар шахмат тахтаси” мусобақасининг вилоят босқичи ҳам бўлиб ўтди.

Оғир атлетика

Бирлашган Араб амирликларининг Дубай шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли мусобоқада Қитамизнинг сараланган спортчилари орасида вилоятимиз вакиллари, Тойлоқ олимпия захиралари мактаб-интернатининг оғир атлетика бўлими тарбияланувчилари Шарофиддин Амриддинов ва Акобир Хожиев ўз вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритди.

Шарофиддин мусобоқанинг даст кўтариш баҳсида 135 килограмм, силтаб кўтариш баҳсида 155 килограмм, умумий ҳисобда  290 килограмм вазндаги оғирликни бўйсиндириб, мусобоқанинг мутлақ чемпиони бўлди. Акобир эса катталар ўртасидаги даст кўтаришда 144 килограмм, силтаб кўтаришда 183 килограмм, икки кураш натижаси бўйича 327 килограмм натижа кўрсатиб, мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди.

Шунингдек, вилоятимизнинг оғир атлетика бўйича бош мураббийи Акобир Усманов ушбу мусобақада Осиёнинг энг яхши мураббийси сифатида эътироф этилди.

Садриддин МУҲАММАДИЕВ.

Гандбол
Самарқанд шаҳрида гандбол бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи давра мусобақаси ўтказилди.

Тошкент вилояти “ОлмалиқАГМК” жамоаси очколар бўйича энг юқори ўринда боряпти, Тошкент шаҳри иккинчи ва Самарқанд вилоятининг “Булунғур” жамоаси ҳам етарлича очкони эгаллаб келмоқда. Ғолиб ва совриндорлар мусобақанинг кейинги даврасида иштирок этади.

Баскетбол

Самарқанд шаҳрида 13-14 ёшлилар ўртасида баскетбол бўйича вилоят чемпионати ўтказилди.

Вилоятимизнинг барча ҳудудларидан келган 200 нафардан ортиқ ўқувчилар қатнашган беллашувда Ургут тумани жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Паст Дарғом ва Булунғур туманлари жамоаси эгаллади.

Академик эшкак эшиш

Самарқанд эшкак эшиш каналида вилоят биринчилиги ўтказилди.

Мусобақада 16 ёшдан 19 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ ўғил-қизлар М1х, JAM1x, M2, JAM2, W2, JW2, йўналишлари бўйича қатнашди.

Яккалик ва жуфтлик баҳсларида Бекзоджон Собиров, Асилбек Абдунасимов, Лазизбек Абдурашидов, Оловиддин Мустафоқулов, Бахтиёр Шарифов, Давлатжон Орзиқулов, Жавоҳир Эркинов, Мурод Қиличев, Рамиз Мустафоев, Гулмира Файзуллаева, Сайёра Бобомуродова, Шаҳло Аннақулова, Нозима Абдусаттарова, Озода Ўрақовалар биринчи ўринга лойиқ кўрилди.

Бекзод АҲМЕДОВ.