Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спорт хабарлари: Спортда ёшларга ибрат бўлаётган фахрийлар

Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” спорт мажмуасида вилоят меҳнат фахрийлари ўртасида “Нуронийлар уч кураши” бўйича спорт мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раиси К.Худайберганов сўзга чиқиб, спорт билан доимий шуғулланиш эрта қаришнинг олдини олиши, инсонда тетиклик ва бардамликни ошириши хусусида сўз юритди.

Мусобақада вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидан келган 100 нафарга яқин отахон ва онахонлар спортнинг қисқа масофага югуриш, баскетбол тўпини саватга ташлаш, енгил атлетика турлари бўйича баҳсга киришди. Баҳсларда уларнинг набиралари ҳам қатнашди.

Спорт тадбирида фаол иштирок этган фахрийлар вилоят ҳокимлиги, “Маҳалла”, “Нуроний” ва “Соғлом авлод учун” жамғармалари, жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***

Дзюдо

Самарқанд шаҳридаги спорт якка курашларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида 12-13 ёшли ўғил болалар ўртасида дзюдо бўйича вилоят чемпионати бўлиб ўтди.

200 нафар дзюдочилар орасида С.Мамиров, М.Сайфиддинов, Ж.Қулдошев, С.Зиёдуллаев, Б.Тугалов, О.Мажидов, М.Тоиров, А.Нурманов, А.Қувондиқовлар ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.

Бекзод АҲМЕДОВ.

*** 

Муай-тай

Нарпай туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида муай-тай бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ҳаваскор ва профессионал муай-тай ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган спорт мусобақасида юртимизнинг барча вилоятларидан 500 нафардан ортиқ ўсмирлар 84 килограмм вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашди.

Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида вилоятимиз ёш муай-тайчилари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Тошкент шаҳри ва Бухоро вилояти спортчиларига насиб этди.

Жасур КАРИМОВ.

***

Таэквондо

Самарқанд шаҳрида таэквондонинг ИТФ йўналиши бўйича болалар, ўсмирлар ва катталар ўртасида вилоят очиқ кубоги мусобақаси ўтказилди.

Унда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан ҳамда Қашқадарё, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан келган 200 нафар таэквондочилар беллашди. Мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида самарқандликлар биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи, учинчи ўринлар Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари спортчиларига берилди.

***

Самарқанд шаҳрида таэквондонинг ВТФ йўналиши бўйича вилоят чемпионати бўлиб ўтди.

165 нафар ўсмирлар, ёшлар ва катталар қатнашган беллашув якунида умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳрининг “Динамо” жамоаси биринчи ўринни эгаллади.

Иккинчи ва учинчи ўринларни Самарқанд шаҳридаги 2-БЎСМ ва “Нафосат” клуби ҳамда Тойлоқ ихтисослаштирилган олимпиа захиралари тайёрлаш мактаб-интернати жамоаси қўлга киритди.

*** 

Футбол

Самарқанд шаҳридаги ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактабида футбол бўйича 2003 йилда туғилган БЎСМ ва ИБЎСМ тарбияланувчилари ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Мусобақанинг финал баҳси “Динамо” ўйингоҳида ташкил этилди.

Финал беллашувида Тошкент шаҳри жамоасини мағлуб этган наманганликлар ғолибликни эгаллади.

Соҳиб АБДУРАҲМОНОВ.

***

Шахмат

Нуробод туманида шахмат бўйича мураббий Нормурод Хушвақтов хотирасига бағишлаб туманлараро хотира турнири ўтказилди.

Турнирда Каттақўрғон, Нарпай, Паст Дарғом туманларидан келган 50 нафардан ортиқ турли ёшдаги ҳаваскор ва профессионал шахматчилар дона сурди.

Мусобақа якунида Нуробод туманининг Сазағон қишлоғидан келган Равшан Салимов биринчи ўринни эгаллади. Пастдарғомлик Маҳмуд Бобомуродов иккинчи, нурободлик Севинч Алиева учинчи ўринга лойиқ кўрилди.

Нурали ЭШНАЗАРОВ.