Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Судланувчи етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли суд залидан озод этилди

Кеча, 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди апелляция инстанциясида, вилоят суди раиси ўринбосари Ў.Мамадалиев раислигида, судьялар Б.Алиқулов ва Ғ.Негматовлар иштирокида навбатдаги жиноят иши очиқ суд мажлисида муҳокама қилинди.

Судлов ҳайъатида 3 та ҳолатда 65.524.706 сўм миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган А.Бобаяров ва 2 та ҳолатда 36.431.799 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган Ҳ.Бобоноровларга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом тумани судининг 2019 йил 27 декабрдаги ҳукмига асосан А.Бобаяров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Ҳ.Бобоноров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмига асосан етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.

Жиноят иши апелляция инстанциясида судланувчи А.Бобаяров ва Ҳ.Бобоноровларнинг шикоятлари ва прокурорнинг протести асосида кўрилиб, қилмишларига чин кўнгилдан пушаймонлик билдирганликлари, етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди ва судланувчилар қамоқдан озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди.