Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорлар ҳуқуқини бузгани учун 20 дан ортиқ мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг ҳудудларда фаолият кўрсатадиган ходимлари штатининг ташкил қилинганлиги юқоридаги ислоҳотларнинг самарасидир.

Бизнес-омбудсманнинг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан ўтган йил давомида тадбиркорлик субъектларининг 100 га яқин мурожаатларини кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти ижобий қаноатлантирилди.

Жумладан, Миришкор туманида фаолият юритувчи “Ободон ихтисослаштирилган қурилиш-таъмирлаш” хусусий корхонасининг ноқонуний тарзда олиб қўйилган, бозор қиймати салкам 1 миллиард сўм бўлган кўчмас мулки кўрсатилган амалий ёрдам асосида хусусий корхонага қайтарилди.

Шунингдек, Муборак туманида якка тартибдаги тадбиркор А.Ивадуллаевга бузилган савдо дўкони учун етказилган зарар ундириб берилди.

Тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ муносабатларда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун 20 дан ортиқ мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Юқоридагиларга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқлари

ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан Бизнес-омбудсманнинг вилоятда фаолият кўрсатувчи ходимларига мурожаат қилишлари мумкинлиги маълум қилинади.

Шероз ШОДИЕВ,

Бизнес-омбудсман девони бош инспектори.