Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорларнинг божхоначиларга саволи кўп

2020 йил давомида “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали жами қиймати 1,2 миллиард долларлик 25 562 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган. 2021 йилда пост орқали экспорт ҳажмини янада оширишга катта эътибор қаратилди.

Ушбу божхона постида тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган учрашувда божхона ходимлари соҳадаги ўзгаришлар, янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Дастлаб “Самарқанд” божхона пости бошлиғи С.Жиянов Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари бекор қилинганлиги ҳамда Солиқ кодексига асосан фақатгина тамаки, алкоголь, мобиль алоқа хизматлари ва нефть маҳсулотларига доир акциз солиқ ставкалари сақланиб қолинганлигини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра 2021 йил 1 январдан тадбиркорлар учун божхона йиғими ставкалари пасайтирилганига алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, 1 январдан божхона йиғимлари ставкалари қатъий белгиланиб, базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқилади, рухсат этувчи хусусиятдаги ҳужжатларни бериш билан боғлиқ айрим турдаги божхона йиғимлари бекор қилинди, товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” ва “божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш” божхона режимларида расмийлаштирганлик учун божхона йиғими ставкалари пасайтирилди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.