Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ташаббускор, жасоратли, масъулиятли инспектор эди

 

 

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”даги фармонига мувофиқ, мамлакатимиз ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, шарафли бурчини бажариш чоғида кўрсатган мардлик ва жасорат намунаси учун бир гуруҳ юртдошларимиз мукофотланди. Улар орасида пастдарғомлик марҳум Равшан Боқиев ҳам бор. У “Жасорат” медали билан тақдирланди.

Равшан Боқиев Паст Дарғом тумани ички ишлар бўлимида 6 йил хизмат қилди. Шу қисқа вақт ичида зиммасига юклатилган вазифани масъулият билан бажарганлиги, ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги билан ҳамкасблари ва хизмат қилган ҳудудлар аҳолиси қалбида ўчмас из қолдирди. 

Р.Боқиев тизимдаги фаолиятини 2014 йилда туман ИИБ қўриқлаш бўлимида бошлаб, 2017 йилдан профилактика инспектори вазифасида давом эттирди.

Катта лейтенант Равшан Боқиев 2020 йилнинг 31 августидан 1 сентябрига ўтар кечаси тунги хизматга жалб қилинган эди. У Олти Қаҳрамон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида ярим тунда мақсадсиз юрган фуқаролар билан суҳбат ўтказаётган пайтда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳайдовчи бошқарувида катта тезликда келган “Дамас” русумли автомашина уриб кетиши оқибатида вафот этди.

- Кейинги вақтларда у ҳуқуқбузарликлар профилактикаси катта инспектори вазифасида хизмат қилаётган эди, - дейди туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғи Низомиддин Каримов. - Фаолияти давомида тумандаги 3 та маҳаллада жойлашган жамоатчилик назорати масканларида уч навбатли хизматни йўлга қўйиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришди. Хизмат ҳудудида мунтазам равишда тарғибот тадбирларини амалга ошириб келди. 2 нафар муқаддам судланган шахсларни маъмурий назоратга олди. 4 нафар гиёҳванд ва спиртли ичимлик истеъмол қилишга ружу қўйган шахсларни мажбурий даволанишга юборди. Шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида ўтказилган тадбирларда ҳам фаол эди.

Тўлқин Сиддиқов.