Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тожикистон оммавий тадбирлар ўтказилишини ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини тўхтатди. Пойтахтда мактаб ва боғчалар карантинга ёпилди

Бугун, 25 апрелдан бошлаб Тожикистон барча турдаги дон ва дуккакли маҳсулотлар, шунингдек, бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини тўхтатди. Мазкур қарор COVID-19нинг олдини олиш масалалари бўйича ўтказилган республика штабида қабул қилинди.

“Дунёда кузатилаётган оғир иқтисодий ва ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб, озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтириш ва маҳаллий бозорни биринчи зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида 25 апрель санасидан бошлаб республика ҳудудидан (буғдой, гуруч, нўхат, мош, тухум, картошка ва барча турдаги гўшт маҳсулотлари) барча турдаги дон ва дуккакли маҳсулотлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти вақтинча таъқиқланди”, дейилган қарорда.

Бундан ташқари, республика штабининг қарорига мувофиқ мамлакатда барча турдаги оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланди.

Шу билан бирга коронавирус тарқалиши хавфи туфайли мамлакат пойтахти Душанбеда 27 апрельдан 10 майга қадар мактаб ва болалар боғчалари карантинга ёпилди. Бу ҳақда Тожикистон таълим ва фан вазирлиги маълум қилди.

“Душанбедаги болалар боғчалари ва мактаблардаги машғулотлар 27 апрелдан 10 майга қадар вақтинча тўхтатилади. Бу вақт давомида мактабгача ва умумтаълим ташкилотлари бинолари дезинфекция қилинади”, маълум қилди пойтахтнинг таълим бўлими.

Маълумотга кўра, карантин умумий ҳисобда 4686 ташкилотни, 2245661 нафар мактабгача ва мактаб болаларини, шунингдек, 143045 нафар ўқитувчини қамраб олади.

Олий таълим муассасаларидаги дарслар илгаригидек давом эттирилади.