Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туғруқ таътилидан қайтган ходимга бўш иш ўрни йўқлигини важ қилиш мумкинми?

Одатда, мурожаатлар юридик билим етишмаслиги ёки қонун талабини тўғри англамаганлик оқибатида юзага келган ҳолатлар хусусида бўлади. Аммо бу мурожаатдан кулишни ҳама куйишни ҳам билмай қолдик.

Мурожаатга кўра, Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмасининг ҳамшираси туғруқ ва бола парваришлаш таътилидан кейин ўз ишига тикланмаётганлигидан норози бўлган.

Ўрганиш жараёнида туман тиббиёт бирлашмасининг ҳамшираси 2010 йилдан буён бирлашмада ишлаб, 2018 йил январь ойида туғруқ таътилига ҳамда 2018 йил май ойида бола парваришлаш таътилига чиққан. 2020 йил февраль ойида ишга чиқиш юзасидан тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлимига мурожаат қилганида, бугунги кунда бўш иш ўрни мавжуд эмаслигини важ қилиб, ходимнинг ишга чиқишига тўсқинлик қилганлиги аниқланди.

Меҳнат Кодексининг 234-моддасида болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши белгиланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани адлия бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига қонун ҳужжатларининг бузилиш сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.

Тўғри, ходим ўз ишига тикланди. Аммо кишини бир савол қийнайди, нега айрим масъуллар қонунда белгиланган нормаларни ўз билганларича талқин қилишга ҳаракат қилади? Улар бу билан бошқа бир шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларига зиён келтираётганликларини билишармикан.

Албатта, масала тақдимнома билан ижобий ечим топмаганида суд тартибида кўриб чиқилиши, ўрни келганда тиббиёт бирлашмаси мусъулларига тегишли чора ҳам кўрилиши мумкин эди. Бироқ улар биргина ноўрин ҳаракати билан одамларда давлат сиёсатига, энг ёмони эртанги кунга ишончни сўндираётганлигини билишармикан?

Рамиш ЎЛМАСОВ,

Самарқанд тумани адлия бўлими катта маслаҳатчиси.