Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутлик тадбиркорлар умумхалқ ҳаракатидан четда эмас

Давлатимиз раҳбари 2016 йил октябрь ойида Ургутга ташриф буюрганида туманимиздаги саноат зонаси билан танишиб, фаолиятимизни қўллаб-қувватлаган, бу ердаги корхоналар ва янги ишлаб чиқариш субъектларини ўз ичига оладиган эркин иқтисодий зона ташкил этилишини айтган эди. Орадан кўп ўтмай бу иш амалга ошди. Президентимиз фармони билан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Ҳозирда бу ерда қирқдан ортиқ корхона ишлаяпти, минглаб ишчи-ходимлар меҳнат қиляпти.

Албатта, айни пайтда дунё миқёсида тарқалган коронавирус пандемияси мазкур корхоналар фаолиятига ҳам таъсир қилди, лекин ҳеч бирида иш тўхтаб қолмади. Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлаб чиқариш жараёнлари давом эттирилмоқда.

Демоқчиманки, мана шундай мураккаб шароитда давлатимиз тадбиркорларга имконият ва имтиёзлар яратмоқда, фаолиятимизни қўллаб-қувватлаяпти. Буни ишбилармонларимиз ҳам яхши ҳис қилади. Шунинг учун Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурганда, ургутлик тадбиркорлар бу ташаббусга биринчилар қаторида қўшилди.

Жумладан, бизнинг “URGAZ СARPET” корхонамиз туманимизнинг 33 маҳалласидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор, эҳтиёжманд 600 оилага 300 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий воситалар тарқатдик. Бундан ташқари, ишчи-ходимларимизга иш ҳақидан ташқари моддий кўмак бердик, ночор оилаларни қарамоғимизга олдик.

Худди шундай бошқа корхоналар, тадбиркорлар юзлаб оилаларни ўз оталиқларига олиб, карантин пайтида уларга зарур моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатмоқда. Бу савобли ишдан ўзимизни четга олмаймиз ва давлатимиз раҳбари ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, минглаб юртдошларимиз бошпанасиз қолганда ҳам ургутлик тадбиркорлар уларга кўмак кўрсатишни хайрли юмуш, виждон иши,  деб билди. Иқтисодий зонамиз иштирокчилари бўлган “URGAZ CARPET”, “SAM-NEGIN” “SAM ELEKTRO SERVIS”, “AGRO DRY FRUITS”, “ARFA EXPROD” ва бошқа корхоналар томонидан Сирдарё вилоятига 3 минг квадрат метр гилам ва гилам маҳсулотлари, 2,5 тонна ўсимлик ёғи ва 1,5 тонна гуруч, минглаб кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар юборилди.

Вилоят Кенгаши депутати сифатида жойларда сайловчилар билан ўтказаётган учрашувларим ҳамда аҳолининг мурожаатлари ҳам туманимиз аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш, улар дуч келаётган муаммоларга ечим топишга ёрдам бермоқда. Энг муҳими, одамларга бир марта ёрдам бериш ёки маълум вақт қарамоғимизга олиш билан бирга уларни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарли қилишга эътибор беряпмиз. Доимий иши, касб-ҳунари бўлган одам давлатнинг ёки бошқаларнинг кўмагига муҳтожлик сезмайди.

Ж.Ҳайдаров,

“Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори, 

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.