Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоятларда қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш бўйича мутахассисларнинг малакасини оширадиган ўқув марказлари ташкил этилди

Қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини оширадиган ўқув марказлари ташкил этилди, деб хабар берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали.

Республикамизнинг ҳар бир вилоятида биттадан касб-ҳунар коллежи негизида қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлайдиган ва малакасини оширадиган ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ўқув марказлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 июлдаги ПҚ-4410-қарори (http://lex.uz/docs/4457272) асосида ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини оширадиган ўқув марказларида фаолият юритувчи махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталари учун вазирлик томонидан шу йилнинг ноябрь ойи сўнгги ўн кунлигида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Ўзагросервис” АЖ ва унинг ҳудудий МТПлари, “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ, “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ, “УзКлаас Агро” МЧЖ, “Лемкен Чирчиқ” ҚК МЧЖ етакчи мутахассислари, хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида ушбу жамиятлар ишлаб чиқариш ва ўқув базаларида ўтказилди.

Республика семинари иштирокчилари махсус сертификатлар билан тақдирланди. Улар энди ўз ҳудудларида қишлоқ хўжалиги коллежларида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлайдиган ва малакасини оширадиган ўқув марказларида ўқитувчи-тренер сифатида фаолият юритади.