Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш масаласида илғор ташаббуслар илгари сурилди

Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ташаббуси билан “Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш: стратегиялар, инновациялар ва илғор тажрибалар” мавзусида республика онлайн илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Республика миқёсида олий таълим муассасалари ва малака ошириш ҳудудий марказлари профессор-ўқитувчилари, умумтаълим муассасалари педагог ходимлари иштирок этган ушбу илмий-амалий конференция ZOOM дастури орқали ташкил этилди.

Онлайн илмий-амалий конференцияда вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори Аълам Ибрагимов юртимизда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда бор имкониятдан унумли фойдаланиб ташкил этилган ушбу онлайн анжуман педагогларнинг илғор тажриба ва ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, улар ўртасида ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлаб, конференция ишига муваффақият тилади.

Республика онлайн илмий-амалий конференциясида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Холбой Иброҳимов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Қозоқбой Йўлдошев, Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази директори Абдували Исмоилов, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Қўлдош Саидов ва бошқалар олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини оширишда халқаро баҳолаш дастурларининг ўрни, миллий филологик методика: муаммо ва ечимлар мавзуларида маъруза қилиб, бу борада ўзларининг муҳим таклиф ва ғояларини билдиришди.

А.Авлоний номидаги ХТТРМХҚТМО институти таянч доктаранти Шоҳиста Даминова мустақил малака ошириш тизимида таълимий эҳтиёжлар, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази доценти Саодат Йўлдошева ўқитувчиларнинг касбий компетенцияларини ўстиришда ноанъанавий ёндашувларни татбиқ этиш бўйича ўзларининг муҳим таклифларини илгари сурди.

Конференцияга олий таълим, халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш ҳудудий марказларининг профессор-ўқитувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларидан 160 дан зиёд илмий ва илмий-услубий мақолалари келиб тушди. Келгусида ушбу мақолалар тўплам ҳолатида нашр этилади ва анжуманнинг фаол иштирокчиларига сертификатлар берилади.

Халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш масаласида илғор ташаббуслар илгари сурилди