Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқимиз дилидаги орзу-истаклар айтилди

Барча юртдошларимиз қатори Президентимизнинг Мурожаатномасини диққат билан тингладим ва унда белгилаб берилган устувор вазифалар янги 10 йилликда Ватанимиз тараққиётини таъминлаш ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилишини англадим.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилни мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилиши айни муддао бўлди. Чунки қайси давлатда, жамиятда илм-фанга, маърифатга юксак эътибор қаратилса, ўша юртда албатта ривожланиш, тараққиёт бўлади. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлида ташланган муҳим қадам эса барча соҳалардаги ўсиш кўрсаткичларимизни аниқ ҳисоб-китоблар асосида олиб боришимизни таъминлайди.

Мурожатномада яна бир бор хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилиши таъкидланди. Уларнинг бизнес лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитларнинг ажратилиши, 5 минг 500 нафар хотин-қизларнинг янги уй-жойга эга бўлиши учун давлат бюджетидан бошланғич бадалнинг тўлаб берилиши чиндан ҳам юртимизда аёлларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин наъмунаси бўлади.

Мурожаатномада шифокорларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш зарурлигига яна бир бор эътибор қаратилди. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки миллат қачонки соғлом бўлса, у буюк ишларни амалга оширишга қодир бўлади, кўзланган мақсадларга эришиш осон кечади.

Келажагимиз эгалари бўлган ёшлар Мурожаатномада яна алоҳида тилга олинди. Ёш йигит ва қизларимизнинг маънавий-маърифий савиясини доимий юксалтириш биринчи даражали вазифа сифатида белгилаб берилди. Жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 22 та театр ва маданият объектлари қурилиши ва реконструкция қилиниши, давлат-хусусий шериклиги асосида 20 та маданият маркази ва истироҳат боғлари фаолияти йўлга қўйилиши таъкидланди.

Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат билан”, деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш Мурожаатнома кун тартибидаги долзарб масалалардан бири сифатида эътироф этилди. 2020 йилда маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлаш, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафий ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш қатъий белгиланди.

Имом Бухорий бобомизнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда мутлақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш ишлари бошланиши маълум қилинди.

Президентимиз миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишларга эътибор қаратиб, 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этди.

Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалар, кўзланган улуғ мақсадлар мени оддий бир фуқаро, партия фаоли сифатида янада руҳлантирди, уларни амалга оширишда фаол ҳамда фидойи бўлишга ундади.

Ёлқин ОҚБЎТАЕВ,

ЎзМТДП Самарқанд вилояти Кенгаши матбуот хизмати котиби.