Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги бошқарма бошлиғининг 3 нафар ўринбосари, 27 нафар ходими бўлади

Президентимизнинг жорий йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан бу борада йиллар давомида тўпланиб қолган, эътибордан четда қолиб келаётган муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига энг муҳим ва долзарб вазифалар қўйилди.

Жумладан, давлат раҳбарининг фармони билан ижтимоий ҳаётимизда янги тизим жорий этилди. Яъни, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда янги – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Янги вазирлик жойлардаги шу каби муаммоларни аниқлаш, тизимли равишда ҳал этиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама кўмаклашади.

Аҳамиятлиси, қарор билан ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар, яъни инвесторларни фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш белгиланди.

Инвесторлар бўлмаган тақдирда, ҳар бир маҳаллада комплекслар қурилиши Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан ташкил этилади.

Шунингдек, икки ой муддатда 2020-2022 йилларга мўлжалланган ҳар бир маҳаллада комплексларни ташкил этиш бўйича манзилли дастур лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари 2021 йил 1 июлга қадар юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиб, зарур алоқа билан таъминланади.

Вилоятда янги бошқарма ташкил этилиб, унинг бошлиғи бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокими ўринбосари ҳам ҳисобланади. Бошқарма бошлиғининг уч нафар ўринбосари бўлади. Хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари эса бир вақтнинг ўзида вилоят ИИБ бошлиғининг ҳам ўринбосари ҳисобланади. Бошқармага шунингдек, 27 та штат бирлиги берилмоқда.

Қайд қилиш ўринлики, меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармасида 1,5 бараварга, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида 1,3 бараварга оширилган миқдорда қўлланилади.

Баходир ҚАРШИЕВ,

вилоят хокимлиги юридик хизмати бош юрисконсульти.