Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Зарафшон»нинг бугунги (2020 йил 22 февраль, №23-24) сонида ўқинг

Барчамиз Конституция ва қонунларимиз талабидан келиб чиқиб, суднинг мустақил ва холис бўлишини истаймиз. Судья дахлсиз, давлат муҳофазасида эканлигини биламиз. Аммо айрим шахслар, айниқса мансабдорлар ҳар қандай ҳолатда ҳам суд қарори ўзларининг манфаатига мос бўлишини жуда хоҳлайди. Агар суд қарорида ўша мансабдор шахснинг чиқарган қарори ёки унинг қонунбузарлик хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, манфаатига қарши қарор чиқарилса, ўз мавқеларидан фойдаланиб, қандайдир йўллар билан судьяга таъсир ўтказмоқчи бўлади. Бундайларни ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этилаётган янги Ўзбекистоннинг мансабдор шахси деб бўладими?

***

Ҳиндистон Англия истибдодидан озод бўлиб, мустақилликни қўлга киритгач мамлакат бош вазири Жавоҳарлаъл Неру 1954 йилда собиқ Совет иттифоқига ўзининг илк ташрифини амалга оширади. Ана шу ташриф чоғида у Ўзбекистонда ҳам бўлиб, республика Фанлар академиясига келганда бир киши билан учрашмоқ истагида эканлигини билдиради. Ўртада ноқулай вазият вужудга келади. Чунки Фанлар академияси президенти: «У киши вафот этганига анча вақт бўлган», дейди. Шунда Ҳиндистон бош вазири бу олимнинг қабрини зиёрат қилмоқчи эканлигини айтади. «У киши йўлда вафот этган, шу сабабли қабри номаълум» деган жавобни эшитади… Жавоҳарлаъл Неру излаган инсон - Ўзбекистон тарихчиларининг ҳақиқий раҳнамоси, устози бўлган олим, профессор эди. У ким эди?

***

“Бу воқеа 1981 йил Москвада  бўлган эди. Мен журналист сифатида ажойиб хабар топдим. Москванинг Кузминки туманида янги  қурилишлар авж олган жойда, янги очилган кўчаларга “Самарқанд”, “Тошкент” ва “Фарғона” номлари берилибди. Дарҳол ўша жойларга бордим. Дарҳақиқат, киши ҳайратга тушадиган шоҳ кўча (проспект)нинг кенглиги камида 80 метр келади. Икки томонида 9 ва 12 қаватли уйлар, ажойиб иншоотлар бор, кўчага энди асфальт ётқизилмоқда. Съездлар саройида Бектош Раҳимовни топиб, кўрганларимни айтдим. У киши ҳам жуда қувонди. Ҳамма ўзбекистонлик депутатларни кечки мажлисдан сўнг ўша жойга олиб бордик. Барча ҳайратда. “Самарқанд” шоҳ кўчасини учта катта кўчалар – “Тошкент”, “Фарғона” ва “Фарғона” тор кўчалари кесиб ўтган. Буни қарангки, Бектош ака бу кўчаларга янги номлар берилишида Москва шаҳри ҳокимияти раҳбарлари билан олдиндан келишиб қўйган экан”.