Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Музлаган қиз: Танамизнинг имкониятларини биламизми?

Баъзилар (уларни “фаталист” деб аташади) ҳар бир одамнинг ер юзида бўлишида аниқ муддат белгиланган, деб ишонишади. Бошқалар эса инсон ўз тақдирини, эҳтимол, ўлим сабабларини ўзи белгилайди, деб ўйлайди.

1980 йилда ҳайратланарли бир воқеа содир бўлди. Шифохонага 30 даража ҳароратда 6 соатдан кўп вақт давомида қор остида ётган ёш қизнинг жасадини олиб келишди.

Миннесота штатида яшовчи 19 ёшли Жин Хиллиард 1980 йил 20 декабрда дугоналари уюштирган меҳмондорчиликдан қайтиб, ўз машинасини ҳайдаб келаётган эди. Жин тўсатдан бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги ариққа тушиб кетди. Бахтига у жиддий жароҳат олмади. Шундай совуқда жим туриш ўлим билан баробар эканлигини англаб олган қиз уйи узоқ бўлмаган дугонасининг уйига боришга қарор қилди. Маълум бўлишича, ҳодиса жойидан дугонасининг уйигача 3,5 километр масофа бор эди. Жин  совқота бошлади, уни уйқу босарди. Уйга бир неча юз метр қолганда у ҳаракатни йўқотиб, қор устига чалқанчасига йиқилди. Эрталаб соат 7:00 да Жиннинг дугонаси Уэлли Нельсон ишга бориш ниятида, уйидан чиқиб бир неча юз метр юргандан сўнг дугонасининг қотиб қолган жасадини топди.

Унинг танаси шунчалик музлаган эдики, кўзлари очиқ ҳолда қолган, бир бўлак муздан қилинган жуссани эслатарди. Уэлли қўрқиб кетди, лекин ўзини йўқотмади. Дарҳол жасадни машинаcида касалхонага олиб борди. Беморни кўрган шифокорлар Жиннинг тирик қолиш имкониятига шубҳа билан қарашди. Лекин уни жонлаштиришга киришишди. У шунчалик музлаб қолган эдики, ҳамширалар томирга инъекция қилиш учун терисини теша олишмади. Ўша куни Жинни қабул қилган доктор Жорж Сазер: “Тана узоқ муддат яхлатиб қўйилган гўштга ўхшаб совуқ ва қаттиқ эди”, деди.

Вазиятдан чиқишнинг ягона йўли танани иситиш эди. Жинни электр адёлга ўраб қўйиб, кутишди. Бир неча соатдан кейин унинг юрак уриши эшитилди. Кўп ўтмай қиз нафас ола бошлади: дастлаб дақиқасига бир неча нафас чиқарди, кейинчалик барча ҳаётий белгилари нормал ҳолатга қайта бошлади.

Шифокорлар совуқ уриши натижасида унинг оёқлари ампутация қилиниши керак, деб ҳисоблашарди. Аммо 49 кундан сўнг Жин касалхонадан ўз оёқлари билан чиқиб кетди. Ҳатто бармоқларини кесишга ҳам зарурат қолмаган эди. Фақат танасидаги бир неча яра излари унга бу воқеани эслатарди. Бир зумда ёш қиз телевидение юлдузига айланди. Уни ток-шоуларга таклиф қилишар, у ҳақида ҳужжатли фильмлар тасвирга олина бошланди. Лекин ҳозирги кунгача ҳеч ким у қандай қилиб омон қолганини аниқлай олмади.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.