Охирги янгиликлар

Маданиятлар жам бўлар бунда Маданият

Шарқ мусиқаси – бугунги кунда нафақат Шарқ халқлари, балки Ғарб халқларини ҳам ўзига мафтун этмоқда. Айниқса, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётир.
Зеро, фестивалнинг «Шарқ тароналари» деб аталишининг ўзида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Устозларнинг таъкидлашича, «тарона» – «кўнгил очар қўшиқлар» қадимий классик мусиқамиз тизимидаги энг эски иборалардан бири. Бугун бу тушунча янги маъно касб этиб, жаҳон мусиқасида Шарқ мумтоз куй ва ашулаларининг бетакрор ўрни борлигини кўрсатмоқда. 
Шарқ халқларининг миллий мусиқаси ва қўшиқларини кенг миқёсда тарғиб этиш, ёш авлодда санъатга, айниқса, миллий мусиқа санъатига бўлган муҳаббатни тарбиялаш, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ҳамда ижодий ҳамкорлик ва маданий-маънавий алоқалар доирасини кенгайтириш – «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг таянч мақсадларидан бири ҳисобланади. Энг муҳими, фестиваль орқали турли халқлар мусиқий анъаналарининг бир-бирига таъсир ўтказиши, бойитиши амалда исботланмоқда. 
Жанубий Кореялик мусиқашунос Кван Ох Санг «Шарқ тароналари» қадим Самарқанд шаҳрида ажиб гулдаста шаклида жамланган», дея эътироф этган бўлса, ҳиндистонлик Шайну Харума бу фестивални «Халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик ғояларининг воситачиси», деб баҳолаганди. 
Халқаро мусиқий фестиваль фақатгина ижрочилик маҳорати кўриги билан чегараланиб қолмай, ҳар галги анжуман доирасида халқаро илмий анжуман ўтказиш ҳам анъанага айланган. У алоҳида дастур асосида ўтказилиб, одатда Шарқ халқлари мусиқа санъатининг долзарб масалаларига бағишланган мавзулар юзасидан маърузалар тингланади. 
Бир сўз билан айтганда, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали – мусиқа, қўшиқ, рақс, миллий либослар намойиши ва бетакрор миллий гўзаллик байрамидир. Унда ҳар бир жанр ҳайратланарли даражадаги мусиқа, поэтик фантазия жиҳатидан ранг-баранг хислатларини кашф этади. Бу йилги «Шарқ тароналари» X халқаро мусиқа фестивали ҳам анъаналарни давом эттирибгина қолмай, юртимиз маданияти, санъатини янада юқори нуқталарга кўтаради. 
Учқун БОЛИЕВ, 
Музаффар ТОШПЎЛАТОВ,
СамДУ ўқитувчилари.