Охирги янгиликлар

Туризм ривожи Маданият

Самарқанд шаҳрида Тадбиркорлар ва  ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши   томонидан «Туризмни ривожлантириш  истиқболлари: кичик бизнес ва хусусий   тадбиркорликнинг ўрни» мавзуида амалий семинар ташкил этилди.
 
Унда «Ўзбектуризм» миллий компанияси Самарқанд минтақавий бўлими мутахассислари, иқтисодчи олимлар, Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган меҳмонхона, сайёҳлик компания, фирма ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
 
– Самарқанд Ўзбекистоннинг энг бой сайёҳлик салоҳиятига эга шаҳарларидан бири ҳисобланади, – дейди «Ўзбектуризм» миллий компанияси Самарқанд минтақавий бўлими бошқарувчиси Илҳом Сувонов. – 2001 йилда Самарқанд шаҳри ва унинг ҳудудидаги маданий объектлар ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилди. Бугунги кунда вилоятда туризм фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган 70 дан зиёд сайёҳлик фирмалари, бир йўла 4 мингдан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга 100 дан ортиқ замонавий ва миллий услубдаги меҳмонхоналар мавжуд.

2014 йилда Самарқандга дуёнинг 70 дан ортиқ давлатидан 150 мингдан ортиқ сайёҳлар келган бўлса, жорий йилда бу рақам 200 мингга етиши кутилмоқда. Туризм саноатидан тушадиган маблағ ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳар йили 7-8 та туристик фирмалар ташкил топаётган бўлса, шунча меҳмонхоналар барпо этилмоқда. Шунингдек, вилоятда агротуризмни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, айни пайтда иккита туристик фирма вилоятнинг Самарқанд, Тайлоқ ва Жомбой туманларида агротуризмни ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Семинар иштирокчилари туризм салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиб, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, хизматлар сонини ошириш ва сифатини янада кўтариш, сайёҳликнинг янги йўналишларини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Бектош ШОДИЕВ.